Cохта салафийларнинг иддаоларига раддия
25

Исломнинг буюк алломаларидан Муҳаммад Закий Иброҳимнинг айтишича: “Зеро, қаерда террористни кўрсангиз, экстремист ёки бузғунчини, фитначи, мусулмонлар ўртасига тафриқа солгувчини кўрсангиз, албатта у сохта салафийликка мансуб бўлиб чиқади. Уларнинг тарафдорлари даъво қилишларича, “Исломда суннийликдаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг бирига эргашиш шарт эмас. Агар мусулмон бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб ва диндан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашганлардан бўлади” – деган нотўғри даъвони қиладилар. Бу тоифа кишилари фиқҳий мазҳабларга эргашиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга эргашиш Аллоҳни қўйиб, уларни робб қилиб олишдир, деган иддаони илгари суришади. Афсус, улар ҳар бир мусулмон якка тартибда “ижтиҳод” қилаверадиган бўлса, мазҳабларнинг сони тўртта эмас, мингтадан ҳам кўпайиб кетишини тан олишмайди. Имом Аҳмад : “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва солиҳ салафлар қарашларини рад қилишдир”, деганлар.
Сохта салафийлар зикр қилишда тасбиҳ доналаридан фойдаланишни бидъат амал санашади ва ундан кескин қайтаришади. Аслида машҳур саҳобалар кундалик зикрларни айтишда майда тош доналаридан ёки хурмо данакларидан тасбиҳ сифатида фойдаланишгани саҳиҳ ривоятлар ила собит бўлган. Масалан Аллома Абдулҳай Лакнавийнинг “Нузҳатул фикр фий субҳатиз зикр” рисоласида шундай дейилади: машҳур тобеинлардан бири Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ тасбиҳ ишлатар эдилар. У зотга: “Қадрингиз улуғ, ибодатларингиз гўзал бўлса, ҳали ҳам тасбиҳ биланмисиз?” дейишди. Ҳасан Басрий: “Биз уни аввалда ҳам ишлатар эдик, ниҳояда ҳам ташлаб қўймаймиз. Мен Аллоҳни қалбим, қўлим ва тилим билан зикр қилишни яхши кўраман”, дедилар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш асосий бурчимиздир.
Ў. Ғузаров,
«Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мудири
