Маҳшардаги шўр пешоналар

20

Биз ўтган мавзуларимизда ота-она ҳақида бир оз насиҳат қилган бўлдик. Бугунги мавзумиз ҳам аввалги мавзумизни тўлдирган ҳолда зикр қилинади. Бизнинг сарваримиз, маҳшардаги шафоатчимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўзининг бизга берган ўгитларидан брида шундай марҳамат қилади: Ҳазрати Анас (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда: “Кимки ота-онаси рози бўлмасдан ўлиб кетса, Аллоҳ таоло уни жонини танидан чиқаради иймон келтирмаган ҳолида ва қиёмат куни қабридан чиқаётган вақтида пешонасига “Бу ота – онасига оқ бўлган кишини жазоси” – деб ёзиб қўйилган ҳолда қабрдан чиқади” дедилар.

Кишики ўзининг олий гавҳари бўлган иймонини олиб кетмас экан унинг барча қилган амаллари: намози, қийналиб тутган рўзаси, берган закоти, машаққат бирлан қилган ҳаж амаллари ва бундан бошқа барча амаллари куйиб зоя кетади. Дунёга келиб нима кўрди ва нимага эришди. Иймонсиз инсон нима қилмасин оқибати ҳалокат бўлади. Чунки Аллоҳнинг розилиги ҳам ота-онанинг розилигига боғлиқ бўлган амал эканлигини пайғамбаримиз бизга ўзининг ҳадисларида очиқ баён қилиб берган: Аллоҳ таолонинг розилиги, ота-онанинг розилигида ва Аллоҳ таолонинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадур дедилар. Шунинг учун бу ҳадисдан ўгит ва панду насиҳат олган ҳолда, отамиз ва онамизни ранжитмасдан аксинча, розиликларини олишлигимиз охиратимиз учун ва иймонимиз учун қўрғон экан. Баъзиларимиз ота-онамиздан узр сўрашдан ор қиламиз, лекин кимлардандир арзимаган нарсалар учун узр сўраб юрамиз. Ота-она ким эканлигини ота-она бўлганимизда ҳис қиламиз, лекин сал кеч бўлади. Аллоҳ барчамизни Ўзи ҳидоят қилсин ва барчамизга ота-онамизни дуоларини олишликни насиб этсин. Учала мавзуни мағзи ўлароқ, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин устозимиз Фозил қорининг ота-она ҳақидаги шеръларини келтирамиз.

Ота – Она ҳақидаги шеърий насиҳат

Сен ҳаётлик чоғида ота – онангни рози қил

Дунёдан ўткач улар, сўнг пушаймон айлама

Олмадинг кўнглин уларни, сен ҳаётлик чоғида

Энди афсус надомат оҳу – афғон айлама

 

Интизор бўлиб кўтарди келишинг мушфиқ онанг

Кўрмоққа вақт топмадинг энди армон айлама

Қарисак боққай дебон сендан умидвор эрдилар

Бир келиб ҳол сўрмадин, энди гирён айлама

 

 

Бор эди имкон қўлингда кўнгилларин шод этгали

Қилмадинг рози аларни, энди армон айлама

Гар ризо қилсанг аларни, бўлғай эди Аллоҳ ризо

Розилик сўрма эгамдан чашми гирён айлама

 

Бебаҳо бўлган дуоларга харидор бўлмадинг

Бахт билан омадни энди сен умидин айлама

Бир рўмол бирла чопонга ота-онангни олмадинг

Гўрига мармар қўйиб, сохта саховат айлама

 

Баъзи фарзандлар каби хизматларин сен қилмадинг

Бой бериб қўйдинг, имконни энди надомат айлама

Тўртта иссиқ нон билан, ота-онангни йўқламай

Ўлганида дош қозон осиб, риёни сен айлама

 

Борми дунёда ота-онадек меҳрибон

Билмадинг қадрин уларни, энди оҳ-воҳ айлама

Қилмадинг ҳурмат ва иззат, ота бирла онага

Энди сен ҳам ҳурмату хизматни орзу айлама

 

Бор жаҳонда бахтиёр ҳурматда бўлган зотлар

Бил ризо қилган отасин, сен ҳасратлар айлама

Фозило ота – онангни рўҳини шод айлагин

Ҳеч қачон ота – онанг рўҳини муҳтож айлама

 

Абдиғани БОЗОРОВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси