Тил офатлари (масхара ва истеҳзо)
36

“Тупроқ сувни тортиб қуритгани каби,
кўп гапириш ҳам савобларни қуритади.”
Шайх Абу Бакр ибн Аййош (р.а.)
Ўтган мақоламизда тил офатларининг бешинчи кўриниши яъни, масхара ва истеҳзо ҳақида, уларнинг инсондаги зарарлари бўйича фикр билдириб кетган эдик. Бугун тил офатларининг давоми ўлароқ яъни, “масхара ва истеҳзо” тўғрисида мулоҳаза қиламиз, инша Аллоҳ…
Баъзан давралар бир одамнинг гаплари маънили туюлиб, аввалига диққат билан эшитадилар. Агар нотиқ бу эътиборни суистеъмол қилса, гаплари қанчалик маънили бўлмасин, давра зерика бошлайди. “Сўзга усталик нима?” деб сўралса, донолар “қисқа сўзлаш, аммо гапнинг маъносини бузмаслик”, деб жавоб берадилар. Агар сўз қалбдан чиқиб келса, эшитувчининг қалбига дарров таъсир қилади, аммо тилдан содир бўлса, қулоқдан нарига ўтмайди. Гарчи нотиқнинг сўзини бўладиганлар бамисоли йўлтўсар, ҳаёсиз қароқчига қиёс этилса-да, сергап одамнинг ўзи давра аҳлини йўлтўсарга айланишларига мажбур қилиб қўяди. Ўзаро гап-сўз бошланади. Зийрак нотиқ даврадаги ўзгаришни сезиши, гапни дархол мухтасар қилиши шарт. Акс ҳолда давра аҳлидан бетоқатроғи “Бўлди-е!” деб нотиқни беҳурмат қилиб қўйиши ҳам мумкин.
Камтар одамлар кўп гапиришдан қочадилар. Улар кўпроқ эшитмоқни истайдилар ва ёқтирадилар. Эшитмоқ – кишини бойитади, кўп гапирмоқ саёзлатади. Кўп гапирган кўп янглишади. Кўп еган – кўп йиқилади. Ҳақиқатким, кўп сўзла ёлғон албатта аралашади. Таъкидким, тан касалининг асоси кўп емоқдир, қалб касалининг сабаби – кўп демакдир. Кўп демак – сўзга мағрурлик, кўп емоқ – нафсга бандаликдир. Одам учун бу сифатлар кераксиз ва барчаси худпарастликка оиддир. “Кўп гапирувчи, кўп егувчи – дўзах ўтига ошиқиб кетувчи, — деб ёзадилар ҳазрат Навоий. – Сўзламоққа берилган, емоққа қул бўлган одам билим шарофатидан маҳрум бўлади.
Кўп демак бирла бўлмагин нодон,
Кўп емак бирла бўлмагил ҳайвон.”
“Масхара” сўзи луғатда “бировни ҳақир – паст санаш” ва “хор билиш” маъносини англатади.
Уламолар масхарани қуйидагича таърифлайдилар:
Муновий: “Масхара маънавий жиҳатдан ақлни паст санаш ва ҳиссий жиҳатдан ишни хор санашдир”, деган.
Ибн Камол: “Масхара эгаси наздида арзийдиган ва масхара қилувчи наздида арзимайдиган нарсадир”, деган.
Масхара қилиш бировнинг айбини пастга уриш, хорлаш йўли ила кулгига олишдир. Гоҳида гап ва амалга ўхшатиш қилиш, имо-ишора билан ёки лақаб қўйиш билан ҳам масхара бўлиши мумкин. Масхара ва истеҳзо қилиш динсиз, мунофиқ ва кофирларга хос сифатдир.
Аллоҳ таоло “Анбиё” сурасида: “Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар масхара қилинган. Бас, уларни масхара қилганларга ўзлари масхара этиб юрган нарса тушди”, деган (41-оят).
Пайғамбарларни масхаралаган кофирларга азоб тушди. Улар бу дунёнинг ўзидаёқ азобга дучор бўлдилар. Сени масхара қилаётганлар ҳам, вақт ғаниматлигида эсларини йиғиб тавба қилмасалар, аввал бу дунёда, кейин у дунёда азобга учрайдилар. Чунки уларни Аллоҳ таолонинг азобидан сақлайдиган ҳеч бир куч йўқ.
Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида: “Мўъминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир”, деган (79-оят).
Қуръони Карим мўмин-мусулмонларни бировни масхара ва истеҳзо қилишдан қайтарган.
Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида: “Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир”, деган (11-оят).
Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади.
Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради.
Ҳасандан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларни масхара қилувчиларнинг бири учун жаннатдан бир эшик очилур. Бас, унга, бу ёққа кел, деюлур. У ғам-ғуссаси ила келганда, эшик ёпилур. Бу ҳол улардан бирига жаннатдан эшик очилиб бу ёққа кел дейилганда, ноумидликдан келмайдиган бўлгунча давом этади”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.
Масхаранинг зарарлари қуйидагилар:
- Масхара Аллоҳ таолонинг амрига очиқ хилофдир.
- Масхара Аллоҳ таолонинг азобига сабаб бўлади.
- Масхара инсон ҳуқуқини очиқ-ойдин бузишдир.
- Масхара қалбни ўлдиради ва ғафлатга сабаб бўлади.
- Масхара кофир ва мунофиқларнинг сиймосидир.
- Масхара шариат ҳаром қилган ишдир.
- Масхара Аллоҳ таолонинг зикрини эсдан чиқаради.
Тил офатларининг кейингиси еттинчиси яъни, сўнги офат: “ёлғон” тўғрисида ҳамда унинг маънолари бўйича кенгроқ тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз, инша Аллоҳ.
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
