Лоқайдлик, бепарволик каби иллатларни бартараф этиш — бугуннинг муҳим талабидир

22

Бугунги давр кишисининг онги-шуури турли-туман ахборот хуружлари нишонига айланиб бормоқда. Бу хуруждан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли — соғлом фикр юритиш, атрофга ҳушёр назар ташлаш, ҳамиша огоҳ бўлишдир. Айниқса, ёшлар онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, лоқайдлик, бепарволик каби иллатларни бартараф этиш бугуннинг муҳим масалаларидандир.

Айрим ижтимоий сайтлар орқали турли  ёт оқимлар томонидан ёғилаётган ҳийла-найранглар, уйдирма  даъватлар натижасида ҳар хил низоларнинг  келиб  чиқмоқда. Берилаётган бузғунчи ғоялар аввало ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган. Натижада  алданганлар аксарият  ҳолларда  ўз яшаш жойидан  узоқ  муддатга  чиқиб  кетиб дунёнинг  нотинч  ҳудудларида  изғиб у ерларда жангларда қатнашиб ёки бошқа разил хунрезликларга қўшилиб охир-оқибат ўлим  топаётганликлари  ачинарли ҳолатдир.

Бундай  кимсалар қора  ниятли  кучларнинг  олдиндан  ўйлаган фитна  ва  бузғунчилик  режаларини  кўр-кўрона   ижрочиси  сифатида  оддий  қўғирчоқ эканликларини  билмайдилар  ёки  билсаларда  ўз  умрига,  энг  ачинарлиси,  бошқа  бегуноҳ  одамларнинг ҳаётига  ҳам  зомин бўладилар. Диний экстримизм хуружи  инсонни  ўзлигидан  айиради,  уни  ёт  ғоялар орқали  заҳарлаш  йўли  билан  манфур  ниятини  амалга  оширишдаги  чиркин иллат  эканлиги, одамларга  кулфатлар келтираётганлиги  маълум ҳақиқат.

Ёвуз  кимсаларнинг  турли ғаразли, ёт  ғоялари, экстремистик  оқимлар  тўдабошиларининг  тузоғига  илинган  ва  катта-катта бойлик, пул, “ишлаб  олиш”  мақсадида  бўлган  кимсалар  ҳеч  нимадан  қайтмайди. Чунки, уларнинг  ҳаётда касб-кори,  иймон, эътиқоди  йўқ.  Нафси  очлигидан, ақли  ожизликдан ҳар қандай  разил  ишлар  қилишдан   сесканмайди.

Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнгра қалбдаги тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Демак, аста-аста оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Сўнгра тинчлик жамиятга кўчади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам муқаддас динимиз кўрсатмаларида белгилаб қўйилган.

Жаноб Расул Акрам (с.а.в.) муборак Ҳадиси шарифларида айтадиларки: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик».

Инсонда хотиржамлик бўлмас экан, на егулигида ҳаловат бўлсин, на уйқусида. Кўнглига ҳеч нарса сиғмайди, чунки унда хотиржамлик йўқ-да! Агар кишининг саломатлиги бўлмаса, у суйиб тановул қиладиган лаззатли таом ҳам татимайди. Чунки унинг танасида оғриқ бор. Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, тинчлик, осойишталик ва хотиржамлик улуғ неъматдир. Тинчлик бор жойда юрт равнақ топади.

Ҳозирги  ҳаёт манзараларига  лоқайдлик, эътиборсизлик  билан  қараган, огоҳлик  ва  ҳушёрлигини  йўқотган  одам  биринчи  навбатда  ўз  умрини,  қолаверса яқинлари  ва  бошқаларнинг  умрини  барбод  қилиши  мумкин.

Экстремизм, терроризм  ва  бошқа  ёт  ғояларга  қарши  курашга сафарбар  этилаётган  ҳар  қандай  эзгу  саъй-ҳаракатларни  Ватанимизни  тинчлиги, барқарорлигини  ҳимоя  қилиш,  юрт  равнақи,  эл  фаровонлигига  хизмат  қилишида  шу  тупроқда  ўсган  ҳар бир  инсон  масъул эканлигини унутмаслиги  керак. Ишончимиз  комилки, мамлакатимизда билимли, юртига  содиқ,  ватанпарвар, фаол  ёшларнинг кўплигининг ўзи мустақил  Ватанимиз  тақдирига  ва  буюк  келажаги мустаҳкам эканлигини  билдиради.

Ўзбекистон деб аталмиш шу муҳташам юртнинг мустақиллигига ҳар биримиз фидойилик билан хизмат қилишимиз керак.

С. Жаҳонов,

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси