Нафсни жиловлаш – нажот калитидир!

106

Динимизда нафсни поклаш, инсон ўзини-ўзи тергаб, эртанги кунга нима тайёрлаганига назар солиб туриши ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”(Ҳашр сураси, 18-оят).

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривояти).

Тазкиятун нафс – нафсни ёмон сифатлардан поклаш, солиҳ амаллар билан безашдир. Муҳосабатун нафс – инсон ўз нафсини тергаб туриши, ёмонликлардан қайтариб, яхшиликка ундаб туриши бўлиб, тазкиятун нафснинг бир қисмидир.

Қуръони каримда нафсини поклаган инсон нажотга эришиши ўн бир ўринда қасам билан зикр қилинган. Нафсни поклаш ҳақида Қуръони каримда такрор-такрор келади: “ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур” (Шамс сураси, 9-оят). Бу оят тўғрисида муфассир Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Бу оятнинг маъноси: ким нафсини Аллоҳ таолонинг тоати билан покласа, разил сифатлар ва пасткашликлардан тозаласа, нажот топади, деганидир”.

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида нафсини поклаган киши имоннинг таъми (ҳаловати)ни тотишини хабар бердилар (Имом Абу Довуд ривояти). Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолодан нафсимизни поклашни сўраб дуо қилишни ўргатганлар:

اَللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا، وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا، أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا…(رواه الامام مسلم).

яъни: “Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато қилгин ва уни поклагин. Зеро сен энг яхши покловчисан. Сен унинг эгаси ва мавлосисан” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат вазифаларидан бири ҳам Аллоҳга мукаммал ибодат қилиши учун нафсларни поклаш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят). Бу оятдаги “Пайғамбар”дан мурод Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдир. Шуни ёдда тутишимиз керакки, инсон нафсини поклаши Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва ёрдами билан бўлади.

Қуръони каримда нафс уч хил сифат билан келган:

  1. Хотиржам нафс – Раббисининг тоати ва амрларига сокин, унинг муҳаббати ва бандалигига хотиржам бўлган нафсдир.
  2. Маломатчи нафс – қўлдан бой берилган яхшилик ва савоблар учун эгасини маломат қилувчи нафс.
  3. Ёмонликка буюрувчи нафс – эгасини шаҳватлар ва ботил нарсаларга ундовчи нафс. Аслида нафс жоҳил бўлиб, тарбия ва поклаш натижасида Аллоҳ таолонинг инояти билан хотиржам нафсга айланади.

Жумҳур уламолар нафсни поклаш, қалб касалликларини ўрганиш уммат учун фарзи кифоя эканлиги, лекин кимда бирор қалб касаллиги бўлса, уни кетказиш йўлларини ўрганиши фарзи айнга айланишини баён қилишган.

Нафсни поклаш натижасида инсон икки дунё саодати, қалб хотиржамлиги ҳамда дин ва тоат-ибодатда собитликка эришади.

Аллоҳ таоло барчамизга нафсимизни қалб касаллигидан покланишимиз учун тавфиқ берсин….

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари