Ёшларни ёт ғоялардан асраш

27

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ҳар бир фарзанднинг шахсияти оилада шаклланади. Демак, оила баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.
Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисоблашади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради», – деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас.
Маълумки, Қуръони каримда яъни: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…» (Бақара, 256), деб марҳамат қилинган. Дарҳақиқат, Конституциямизда ҳам бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги ва кафолатлангани хусусида шундай дейилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Диний бағрикенглик тамойили Конституциямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган.
Бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш муқаддас динимизнинг таълимотларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади яъни: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф, 199). Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил (а.с.)дан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: «Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!» – деган эканлар.
Бу оқимлар ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ҳаёт моҳиятини ҳали англаб етмаган, ғўр ёшларни ўз таъсирига торта бошладилар. Чунки умри давомида маълум мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди. Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишни шарт қилмайди.  Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди. Шунингдек, асосий ҳужумни масжид имомларини танқид ва айблаб, соддадил ва ғўр мусулмонларни ўз ортларидан осон эргаштирди.
Лекин улар ўзлари қилаётган даъволарига зид равишда, «раҳнамо»ларининг фикри ва фатвосига қараб иш тутардилар. Биринчи ихтилоф намоз ибодатини адо қилиш борасида юзага келди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабида қабул қилинмаган: намозда «Фотиҳа» сурасидан сўнг «омин»ни баланд овоз билан айтиш, «рафъул-ядайн», яъни рукудан олдин ва кейин икки қўлини кўтариш каби амалларни намозхонлар орасида ёйишга уриндилар. Натижада маҳаллий мусулмонлар орасида тамойиллар жиҳатдан ихтилоф юзага келди. Бу нарса соғлом эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг қалбини ларзага солди. Улар ўз мазҳабларини ҳимоя қилишга киришдилар. Аммо баъзи «аҳли илм»ларнинг масжидда ҳар ким хоҳлаганича намоз ўқиши мумкин, кексаларнинг ёшлар билан иши бўлмасин, асосийси, қанақа йўл билан бўлса ҳам намоз ўқияпти-ку, дея ихтилофларга лоқайд муносабатда бўлишлари оқим тарафдорлари тегирмонига сув қуйди. Улар янги-янги зиддиятларни авж олдиравердилар, намозда оёқни кериб туриш, суннат намозини ўқимаслик, фарз намозидан кейин бошқалар суннатни ўқиётган пайтларида ўтириб олиб, тасбеҳ айтиш ва ҳоказо янгиликларни бирин-кетин киритавердилар.
Мусулмонлар «Аҳли Сунна вал-Жамоа» сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган «аҳли илм»лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки у мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айблаш каби бузуқ ақидаларни тарқата бошладилар.
Хўш, оқим аъзоларининг бундан мақсадлари нима эди? Нима учун кофирликда айблаш улар учун керак бўлиб қолди? Шу ўринда дунёдаги қўпорувчи оқимлар учун хос бўлган ва бир-бирига боғлиқ икки иллат тўғрисида тўхталиш ўринли:
1.    Кофирликда айблаш.
2.    Кофирларга қарши кураш – уруш эълон қилиш.
Бундай иллатлар барча бузғунчи оқимларда учрайди. Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш мақсадида ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида одамларни «кофир» деб ҳақоратлашдан қайтариб шундай деганлар: яъни: “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир! деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар, (яъни, агар кофирликда айбловга ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади, башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади).
Шунингдек, бузғунчилари инсонлар орасида фитна қўзғаш, парокандаликни юзага келтириш ҳамда шу орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун турли хил услуб ва воситалардан фойдаланмоқда. Шулардан бири, маълум бир давлатни «куфр диёри» деб атаб, у ердан «ҳижрат» қилиш лозим, шунингдек, бундай «куфр диёрлари»га қарши уруш олиб бориш керак, деган ғоядир. Марҳум Муҳаммад Рамазон Бутийнинг “Фиҳқ ас-сийра” китоби 96-бетида  ҳижрат қилиш ҳақида шундай дейилган: “Дорул-исломдан ҳижрат қилишнинг ҳукми вожиб, жоиз ва ҳаром ўртасидадир. Вожиб ҳижрат қайсики, мусулмон киши намоз, рўза, азон ва ҳаж каби ислом арконларини адо этиши мумкин бўлмаган тақдирида бўлади. Жоиз ҳижрат эса мусулмон киши бошига уни қийин аҳволга солиб қўядиган бало офат келганда бўлади. Шу ҳолларда унга бошқа жойларга ҳижрат қилиши жоиз бўлади. Аммо мумкин бўлмаган ҳижрат, бу мусулмон кишининг ўзига вожиб бўлган ислом арконларини бажаришда бепарво бўлишга олиб келса. Масалан, ота-онаси ва оиласини нафақа билан таминлаш каби вожиботлар”.
Бундан мақсад ўз юртида тинч ва осуда яшаб турган дили пок одамларнинг кўнглига ғулғула солиб, «сизлар нотўғри йўлдасизлар» деб, уларни ўз юртидан кетиб, жангариларга қўшилишлари учун ўйлаб топилган ёлғон йўл саналади. Чунки Ислом давлатига ўз армиясини аскарлар билан тўлдириш учун ёшлар керак, улар инсоний заҳираларини тўлдиришлари даркор. Бинобарин, мазкур бузғунчи ташкилот аъзолари ҳижратни ўз қора мақсадларига мос равишда талқин қилиб, масжидларда жамоат билан беш маҳал намоз адо этилиб турган, мусулмонлар ислом арконларига эмин-эркин амал қилиб келаётган мамлакатларни ҳам «дорул ҳарб» (уруш диёри) ёки «дорул куфр» (куфр диёри)га чиқармоқдалар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни хифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин. Омин.

Ҳамидов Собит
Китоб тумани «Чинорлик» жоме масжиди имом-хатиб