ИСЛОМДА ОМОНАТДОРЛИК ВА ВАЪДАГА ВАФО ФАЗИЛАТИ (1-қисм)

23

Маълумки, омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш чин мўминлик белгиси ва унинг асосий сифатидир. Омонатнинг турлари кўп бўлиб, сақлаб туриш учун маълум муддатга берилган моддий ва маънавий нарсалар омонатдир. Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони ҳам – Аллоҳ томонидан берилган омонатдир. Барча гўзал хулқларда бизга ўрнак ва намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш бобида ҳам бизга намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин”, яъни “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони киримнинг бир нечта жойларида бандаларини омонатдор бўлишга буюрган. Жумладан:
 إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا
яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизга буюрар” (Нисо сураси 58-оят).
Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада дунё ва охиратда нажот топган кишиларнинг сифатини баён қилиш асносида шундай марҳамат қилган:
 وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ
яъни: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси 8-оят).
Омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш, хиёнат қилмаслик якка шахслар ҳамда жамоалар ўртасида ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик барқаролигининг асосидир. Бундай мўминларга хос сифатлар орадан йўқолса, кишилар бир-бирига ишонмай қўйишади. Оқибатда улар ўртасидаги ишонч, меҳр-оқибат ва инсонийликка путур етиб, ёлғончилик ҳамда алдов кучайиб, мустаҳкам жамият инқирозга юз тутади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадиси шарифларида омонатдорлик ва ваъдага вафо қилишга буюрганлар. Жумладан,
﴿أَدِّ الْأَمَانَةَ إِلَى مَنْ اِئْتَمَنَكَ، وَلاَ تَخُنْ مَن خَانَكَ﴾
(رواه الإمام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Омонат берган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!” (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, динимизда хиёнат қилган кишига ҳам омонатдорлик билан муомала қилинади, асло, хиёнаткорнинг даражасига тушиб, у билан тенг бўлиб, гуноҳкор бўлишга рухсат берилмайди.
Ислом тарихидан маълумки, Макка мушриклари Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилишни режа қилган пайтларида Расулимиз алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изни билан Мадинага кетмоқчи бўладилар. Мадинага кетишдан олдин мушрикларнинг шунча зулм ва хиёнатларига қарамасдан уларнинг омонатларини топшириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибнинг олдига бориб, одамларнинг омонатларини эгаларига топшириш учун Маккада қолишини буюрдилар. Ҳазрати Алий разияллоҳу анҳу барча омонатларни эгаларига топшириб кейин Расулимиз алайҳиссаломга эргашадилар.
Мана шу ҳолатни ўзи бизга катта дарс ва намуна ҳисобланади.
Омонатни сақлаб, уни чиройли ҳолатда эгасига қайтарган кишига жаннат ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
 اِضْمَنُوا لي سِتًّا مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَضمَنْ لَكُمُ الجَنَّةَ: اُصْدُقُوا إِذَا حَدَّثتُم، وَأَوفُوا إِذَا وَعَدْتُم، وَأدُّوا إِذَا ائْتُمِنْتُمْ، وَاحْفَظُوا فُرُوجَكُم، وغُضُّوا أَبْصَارَكُم، وكُفُّوا أَيْدِيَكُمْ
﴾ (رواه الإمام أحمد عن عبادة بن الصامت رضي الله عنه)
яъни: “Сизлар менга ўзларинг тарафдан олтита нарсага кафолат берсангиз мен сизларнинг жаннатга киришингизга кафолат бераман. Гапирганда рост гапиринглар! Ваъда берганда вафо қилинглар! Омонат берилса саломат қайтаринглар! Жинсий аъзоларингни ҳаромдан сақланглар! Кўзларингизни ҳаромдан тийинглар! Қўлингизни (зулмдан) тийинг!” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:
 إِذَا حَدَّثَ الرَّجُلُ بِالْحَدِيْثِ ثُمَّ اِلْتَفَتَ فَهُيَ أَمَانَةٌ
(رواه الإمام الترمذي عن جابر رضي الله عنه)
яъни: “Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир”, деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадисдаги ҳолат омонат бўлгандан кейин, ҳозирги кундаги “бу гапларим сизга омонат, бировга айтманг”, деб очиқ-ойдин омонат сўзлар айтилганда, уни сақламасдан бошқаларга ошкор қилиш – омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда:
لاَ إِيْمَانَ لِمَنْ لاَ أَمَانَةَ لَهُ، وَلاَ دِيْنَ لِمَنْ لاَ عَهْدَ لَهُ
(رواه الإمام أحمد عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Омонатдор бўлмаган кишида (комил) имон йўқ. Ваъдасига вафо қилмайдиган кишида (комил) дин йўқ”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Демак, мўминлик сифатини ўзимизда мужассам қилишимиз учун қандай омонат бўлмасин, уни адо қилишимиз ва берган ваъдаларимизни устидан чиқишимиз лозим. Акс ҳолда мунофиқлик аломати бизда топилиб қолади, Аллоҳ сақласин! Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
آيَةُ المُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وإذَا وعَدَ أخْلَفَ، وإذَا اؤْتُمِنَ خَانَ
متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه
яъни: “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, мунофиқликнинг биринчи белгиси ёлғончилик экан. Ёлғончилик катта гуноҳ эканини билиб туриб, баъзилар ёлғон гапираверади. Оддий мисол: “Дадам уйда йўқ эдилар, деб қўй”, – дейди. Бундай тарбия оқибатида фарзандларимиз кичиклигидан ёлғонни ўрганиб вояга етяпти.
Ёки одамларни турли йўллар билан алдаб, фирибгарлик қилиб мол топаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ваҳоланки, Сафвон ибн Салим разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилинади, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми?” “Ҳа”, – дедилар. “Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми?” “Ҳа”, – дедилар. “Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?” “Йўқ”, – дедилар. Шундай экан, ёлғон гапириш бизу сиз мўмин мусулмонларга асло мумкин эмас.
Мунофиқликнинг иккинчи белгиси ваъда берса, бажармайди. Афсуски, кейинги пайтларда ана шундай ваъдабозлик, сўзда турмаслик ва субутсизлик тобора кучайиб бормоқда. Қоп-қоп ваъдалар берилиб, уларга вафо қилиш ҳақида эътиборсизлик кучаймоқда. Ақлли, туппа-тузук киши билан, фалон жойда, фалон соатда учрашамиз, деб шартлашасиз-у, керак бўлса, белгиланган жойда камида бир-икки соат кутасиз, ундан эса дарак йўқ.
Ишингни фалон куни битказиб бераман, хавотир олма деб, ўша заҳоти унутади. Сиз бўлса, кутаверасиз ва яна кутаверасиз.
Фарзандига, фалон ишни қилсанг, буни олиб бераман, деб ваъда беради-ю, вафо қилмайди.
Турли баҳоналар билан қарз олиб, фалон куни бераман деб, ваъдасини устидан чиқмасдан, пул берганни сарсон ва қарз берганига пушаймо қилаётганлар йўқ эмас. Турли шартнома ва битимларга имзо чекиб ёки насияга бир нарса сотиб олиб, маълум муддатга аҳдлашиб, уни вақтида бермай юрганлар талайгина. Ваҳоланки, ваъдага вафо қилмаслик – катта ва оғир гуноҳ. Бундай кимсаларга Аллоҳ таоло хитоб қилиб бундай деган:
 الَّذِينَ عَاهَدْتَ مِنْهُمْ ثُمَّ يَنْقُضُونَ عَهْدَهُمْ فِي كُلِّ مَرَّةٍ وَهُمْ لَا يَتَّقُونَ
яъни: “Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлари бордир” (Анфол сураси 56-оят).
Мунофиқликнинг учинчи белгиси омонатга хиёнат қилади. Ҳар бир касб ўз эгаси учун омонатдир. Инсон бир касбни ўргандими, энди шуни яхши ишга солиб, шу орқали халққа садоқат билан хизмат қилиши керак. Агар у ўз касбига нисбатан лоқайд, бепарволик қиладиган бўлса, касбига қўл учида ёндошадиган бўлса, касб омонатига хиёнат қилган бўлади.
Демак, ваъдага вафо қилмаган ва омонатга хиёнат қилган шахс – юқорида зикр қилинган ва булардан бошқа ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилмаган киши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
       يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол сураси 27-оят).
Ушбу ояти каримани тафсир қилган уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таоло фарз қилган амалларни бажариш, қайтарган ишларидан қайтиш ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида бардавом бўлиш – Аллоҳ ва Расулининг омонатини адо қилиш ва уларга хиёнат қилмаслик ҳисобланади.
(давоми бор)

ЎМИнинг жумъа мавъиза сидан олинди