“Тарафкашлик ва фирқаланишга” чақирувчиларга қарши раддия
21

Интернет тармоқларида мўъмин-мусулмонларни тарафкашликка, фирқаланишга чиқирувчи кимсалар учраб турибди. Аслида, Ислом дини мўъмин-мусулмонларни тарқалишдан, фиқаланишдан қайтариб, бирликка, ҳамжиҳатликка чақиради. Бу ҳақда “Қуръони Карим”да Аллоҳ таоло: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонни) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда”. (Оли Имрон, 103-оят).
Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) умматларини замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар бериб шундай деганлар:“Динда ортиқча ғулувга боришдан эҳтиёт бўлинглар. Зеро ғулувга бориш сизлардан олдин ўтганларни ҳалок этиб, қон тўкишга ва ҳаромни ҳалол қилишга олиб келди” ( Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”( Имом Муслим ривояти) .
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб, ҳамжиҳат бўлиб, тинч-тотув бўлиб яшашга муваффақ қилсин!
Т. Ҳодиев,
Қарши туман “Файзиобод” жомиъ масжиди имом хатиби
