Инсон маънавияти унинг барча қарашларининг мезони

24

Маънавият инсоннинг барча қарашларининг мезонидир. Инсоннинг барча қарашлари унинг ақли ва ундаги илмлар асосида юзага келади. Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг катта неъматлардан бири ақл бўлиб, маънавият поклиги учун унинг аҳамияти жуда катта. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:“Аллоҳ таоло яратган илк нарса ақлдир. Аллоҳ таоло унга, кел, деди. Келди.Сўнг, кет, деди. Кетди( яъни, итоат этди).  Аллоҳ таоло:“Иззатим ва жалолимга қасамки, ўзим учун сен(ақл)дан ҳурматлироқ хилқат яратмадим. Сен (ақл)сабабли оламан, сен сабабли бераман.Сен туфайли мукофотлайман ва сен туфайли жазолайман”,-деди”. (Табороний ривояти).
Инсондаги илм унинг маънавиятини белгилашда катта аҳамиятга эга. Овқат, сув, уйқу тана озиқаси бўлса,фикр ва илм эса инсоннинг маънавий озиқаси ҳисобланади. Илмсизлик жоҳилиятни келтириб чиқаради. Жоҳилият эса барча нопоклик нинг маконидир. Илм инсон маънавиятидаги жоҳилликни поклайди. Шу туфайли шарқ халқларида энг аввало инсонларни илм олишга чақирилади. Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.)дан: “ Эй Сулаймон подшоҳликни хоҳлайсанми ёки мол-мулкними?” деб сўрайди. Сулаймон эса: “ Менга подшоҳлик ва мол-мулкдан олдин илм бер, илм билан ақлимни пешлай” деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.)га илм берди.Сулаймон а.с. илм билан ақлларини пешладилар. У зот илм туфайли ҳар бир масалага аниқ ечим берадиган ва дунёдаги барча инс-жинлар, ҳайвону-парандаларни тилини биладиган киши бўлиб етишдилар.  Натижада илмга асосланган маънавиятга эришган Сулаймон (а.с.) га Аллоҳ таоло ер юзини бошқаришни топширди. Ҳозирги пайтда ёшларимизнинг ҳар томонлама илм олиб, маънавиятларини юкасалтириш учун мамлакатимизда барча шароитлар яратилган. Ёшларимиз мактабнинг бошланғич синфларидаёқ жаҳон тилини ўрганмоқдалар. Юксак маънавиятга эга бўлган ёшлар ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб етишади.
Инсон маънавияти поклиги шахс ва жамият маънавиятининг юксалиши йўлида муҳим омиллардандир.
 
Р. Акбаров,
ЎМининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими