Ҳижрат қилмаган кофир бўладими?

18

Охирги пайтларда турли ижтимоий тармоқларда мусулмонларни ўз яшаб турган мамлакатини тарк этиб, қонли жараёнлар, узлуксиз урушлар кечаётган ҳудудлардаги жангари гуруҳларга қўшилишга даъват қилувчи ҳамда ушбу амални гўёки “ҳижрат” эканини даъво қилаётган асоссиз, лекин жарангдор чақириқлар кун сайин кузатилмоқда.
Мазкур гуруҳ тарафдорлари ислом динидаги муқаддас тушунчаларни ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида сохталаштирган ҳолда талқин қилиб, изоҳлаб, шарҳлаб, тинч-тотув, озод ва обод мамлакатда, барча ибодатларни бемалол, хотиржамлик, осудалик билан адо этиб турган мусулмонларни қуролли тўқнашувлар, сиёсий вазиятлар, зиддият ва ихтилофлар кетаётган мамлакатларга ёрдам беришга чақирмоқдалар.
Минг афсуски, ҳижратга даъват қилаётганлар халқимизнинг, хусусан ёшларимизнинг бошларини гангитиб, уларнинг ғайратчанлигидан унумли фойдаланиб: “Мусулмонларнинг барчасига ҳижрат қилиш фарз бўлди, ҳижрат қилмаган кофир бўлади, ҳижрат қилганга жаннат мунтазир, муҳожирлар Аллоҳнинг розилигига эришадилар”, дейишгача боришди.
Шу ўринда ҳижратнинг нима эканлигига, унинг таърифига урғу қаратсак фойдадан холи бўлмасди.
“Ҳижрат” сўзи араб тилида “ажрамоқ”, “тарк этмоқ” деган маъноларни англатади. Ҳижратнинг шаръий маъноси эса – Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”ни тарк этиб “Ислом диёри”га кўчишга айтилади.
Ҳа, эътибор берганингиздек, куфр диёрини тарк этиб, ислом диёрига кўчишни ҳижрат дейилади. Акс ҳолда бу шаръий ҳижрат бўлмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.
Қадимда уламолар “Жамоат намозлари, азон, жума, ҳайит ва бошқа Ислом шиорлари ва ҳукмлари амалда бўлиб турган юрт – ислом диёри саналади”, дейишган.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Ислом диёри – ислом ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлардир”, деганлар.
Энди ўйлаб кўринг, бизнинг юртимиз куфр диёрими? Албатта, йўқ. Бизнинг диёримиз ислом диёри. Бундай диёрдан ҳижрат қилинмайди, балки унга ҳижрат қилиб келинади.
Машҳур аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтишича, “Агар (Дорул исломда) мусулмонларнинг ҳукмлари ва аҳли ширкнинг ҳукмлари (бирга) жорий қилинса ҳам, дорул ҳарбга айланмайди. Қадимдан мусулмонлар қўли остида бўлган ерлар кейинчалик бошқаларнинг қўл остига ўтсаю, лекин бутунлай ислом ҳукмлари йўқ қилинмаган бўлса ҳамда мусулмонлар яшаб қолсалар, “Дорул куфр”га айланмайди, балки “Дорул ислом” бўлиб қолаверади”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Ҳозирда ҳижрат фарз, деб даъво қилаётганлар мазкур ҳадиси шариф ҳақида ҳеч нарса демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ ва саҳиҳ ҳадисдир! Бу ҳадисни инкор этган киши гуноҳкор бўлади. Бу ҳадисга амал қилмаган киши залолатдадир.
Шундай экан, биз ҳар қандай тайини йўқ гап-сўзларга учмасдан, саҳиҳ ҳадисларга қулоқ тутайлик. Мусулмонлар истиқомат қилиб турган юртни куфр мамлакати дейишдан ўта ҳушёр бўлайлик. Ҳар бир хато гапимиз учун қиёмат куни Яратганнинг олдида жавоб беришга мажбурмиз.

Ҳусниддин Бойқобилов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси