Энг улуғ ҳижрат
14

Шариатимизда шундай сўзлар борки, у сўзлар аслида гўзал ва муқаддас амалларга нисбатан ишлатилади. Аммо бугунги кунда баъзи адашган ва бузғунчи тоифалар бу сўзлар билан ўзларининг хунук ва ношарий ишларини номлашиб, омма халқни бу сўзлардан безийдиган ва қўрқадиган қилиб қўйишди. Мана шундай муқаддас сўзлардан бири “ҳижрат” сўзидир.
“Ҳижрат” калимаси луғатда “бир нарсадан ажраш, узилиш, тарк этиш, узоқлашиш” каби маъноларни англатади. Шариатимизда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида бир қанча саҳобаи киромларни Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага кўчиб ўтганларига айтилади. Демак, “ҳижрат” деб, мусулмон кишининг ўз юртида жонига, молига ва динига тажовуз бўлганда бошқа юртга кўчиб ўтишига айтилади. Аммо энг улуғ ҳижрат бу эмас. Комил ҳижрат бу- мусулмон киши Аллоҳ қайтарган ишлардан ўзини четга олиши ва гуноҳларни тарк қилишидир. Бу ҳақида муҳаддислар султони имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг саҳиҳларида қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
عن عبدالله بن عمرو رضى الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «المُسْلِمُ مَن سَلِمَ المُسْلِمُونَ مِن لِسَانِهِ ويَدِهِ، والمُهَاجِرُ مَن هَجَرَ ما نَهَى اللَّهُ عنْه«
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: (Комил) Мусулмон унинг тилидан ва қўлидан (бошқа) мусулмонлар омонда бўлган кишидир. (Комил) Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган кишидир.
Бу ҳадисда Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни мусулмонларни орасида дўстликни ва ҳамжиҳатликни зиёда қиладиган исломий одоб-ахлоқ билан безанишга йўллаб қўймоқдалар. Қуйида ҳадисни қисқача шархлаб ўтамиз: Яхши хислатларни ўзида жамлаган, комил мусулмон тили ва қўли билан мусулмонларга зарар бермайдиган мусулмондир. Тил ёлғон сўзлайди, ғийбат қилади, сўкади, ёлғон гувоҳлик беради. Қўл эса уради, ўлдиради, ўғирлик ва бошқа гуноҳларни содир қилади. Ҳадисда тил билан азият бериш қўл билан азият беришдан аввал келтирилди. Чунки тил билан азият бериш инсондан кўпроқ содир бўлади, тил билан ўлганларга ҳам, тирикларга ҳам бирдек азият бериш мумкин. Комил муҳожир эса, Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтган кишидир. Киши ватанидан ҳижрат қилиб чиқиб кетиб, бошқа диёрда гуноҳларда бардавом бўлиб яшаши ҳақиқий ҳижрат бўлмайди. Балки ҳақиқий комил ҳижрат ҳар қандай жойда гуноҳлардан четланишдир.
Муҳаммад Мирмахаматов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
