Абдуллоҳ Зуфарнинг ҳозирда ҳижрат қилиш керак деган даъватига раддия

19
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда айрим кишиларнинг ҳозирда ҳижрат қилиш керак деган даъватларига дуч келамиз. Бу даъво ғаразли мақсадда қилинадиган даъводир.
 Маълумки, ҳижрат икки турга: юртни тарк этиш ва гуноҳларни тарк этиш кабиларга бўлинади. Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: “….Расулуллоҳ(с.а.в): “Маккафатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти). Мазкур ҳадисни  ўзидан олдин келган ҳижрат ҳақидаги ҳадисларни бекор (насх) қилувчи эканлигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Бундан маълум бўлишича юртни тарк этиш жиҳоди бекор қилинди.
Яна бир ҳадисда: “Расулуллоҳ(с.а.в.)айтганлар: «Қўлива тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”(Имом Бухорий ривояти) дейилади. Уламолар ҳадисни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Мана шу турдаги ҳижрат бугун ҳам мавжудлиги ҳадисдан маълум бўляпти.
Бугунги кунда содда мусулмонларни ҳижратга тарғиб қилишга уринаётган Абдуллоҳ Зуфар ва бошқалар ёшларни ўз оиласи, ватанини тарк этишга чақириш учун Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг маъноларини ўз манфаатларига мувофиқ талқин қилмоқдалар. Ушбу даъватчилар мусулмон фақат юртини ташлаб чиқиб кетса имонли, “ҳижрат” қилмаган киши эса кофир бўлади дейиш даражасига бордилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотдан кейин ислом давлатини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашларига эътироз билдирмаганлар.
Бугунги кунда терорчилик ташкилотларнинг даъватчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангари тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, бунинг учун ҳеч кимдан, ҳатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас, деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилишлари ўрта асрлардаги хорижийларнинг амалидир.
Ақидапарастлар ҳижрат масаласида Қуръоннинг “Нисо” сураси 97-оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жониолинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” – дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!”. 
Ваҳоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, Бадр жангида (624 й.)   маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар ҳақида нозил бўлганини таъкидлайдилар.
Шунингдек, уламоларнинг фикрига кўра, юқоридаги оят зажр, яъни қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл ҳукмларга қайтилади. Яъни асл ҳукм бўйича мусулмонлар ҳеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ” бўлиш эса ислом таълимотида оғир гуноҳ ҳисобланади.
Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот (с.а.в.) эса: “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, ақидапарастларнинг гўёки “ҳижрат” қилмаганлар мўмин-мусулмонликдан чиқиши ҳақидаги даъволарига раддия сифатида марҳум Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан Қуръоннинг “Анфол” сураси, 72-оятига берилган шарҳини келтириш мумкин. Оятда: “Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб ёрдам кўрсатганлар, айнан ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Имон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор, қавм зиддига эмас. Аллоҳ нималар қилаётганингизни кўрувчи зотдир” дейилган. Ушбу оятда Аллоҳ мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда: ҳижрат қилганлар, ёрдам берганлар, иймон келтирган, лекин ҳижрат қилмаганлар. Буларнинг барчаси мўминлар деб аталмоқда.
Масаланинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, гўёки “ҳижрат” учун ўзга мамлакатларга бораётганлар яхшилик билан шуғулланаётгани йўқ. Аксинча, ўша ерда уларга қўшилмаганларни “кофир” деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар, аёллар ва болаларга зулм қилмоқдалар. Бундай фитналар, гуноҳи кабира ишларга қўл ургандан кўра ўз юртида тинчликда, эмин-эркинликда фарз амалларни, ибодатларни бажариб, ҳалол меҳнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми? Шу сабабли исломда фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган. Жумладан ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ҳараж – фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир” (Имом Муслим, 2948-ҳадис).
Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун барча шароитлар яратилган, исломнинг бешта аркони эмин-эркин бажариб келинаётган Ўзбекистон каби мамлакатдан ҳижрат қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади.

Р.Акбаров
Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” жоме масжиди имом-хатиби