Иймон ҳаловати
30

Ҳар бир мўмин банда ўзида иймон ҳаловатини ҳис қилишни истайди. Аммо ҳамма ҳам иймон ҳаловатини ҳис қилавермайди. Чунки, иймон ҳаловати фақатгина намоз ўқиш ёки рўза тутиш билан ҳис қилинмайди. Балки иймон ҳаловатини ҳис қилишнинг шартлари бор. Қуйидаги ҳадисда Росулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон ҳаловатини қайси амаллар билан топиш мумкинлигини баён қилиб берганлар.
عن أنس بن مالك رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال ثلاث من كن فيه وجد حلاوة الإيمان أن يكون الله ورسوله أحب إليه مما سواهما وأن يحب المرء لا يحبه إلا لله وأن يكره أن يعود في الكفر كما يكره أن يقذف في النار
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимда уч ҳислат бўлса иймон ҳаловатини топибти: Аллоҳ ва Унинг росули бошқалардан кўра суюклироқ бўлса, киши (бошқаларни) фақат Аллоҳ учун яхши кўрса, ва куфрга қайтишни оловга улоқтирилиш каби ёмон кўрса”.
Бу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни олишимиз мумкин:
Иймон ҳаловатини тотиш учун банда энг аввало Аллоҳни ва Росулини дунёдаги жамики инсонлардан, ота-онасидан, боласидан, дўсту биродарларидан, ҳаттоки, ўзидан ҳам кўпроқ яхши кўриши керак. Яхши кўришнинг аломатларидан бири яхши кўрган кишисига итоат қилишдир. Аллоҳга ва Росулига итоат қилиш бу Аллоҳни ва Росулини яхши кўришнинг энг асосий шартларидан биридир.
Иймон ҳаловатига эришишнинг иккинчи шарти киши дўст-у биродарларини, ота-онаси-ю ака-укаларини, фарзандларини ва бошқаларни фақатгина Аллоҳ учун яхши кўриши ва бунинг муқобилида бирор кимсани ёмон кўрса фақат Аллоҳ учун ёмон кўришлигидир.
Иён ҳаловатини топишнинг учинчи шарти иймондан кейин куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўрганидек ёмон кўришидир. Яъни, бир мўминга ё куфрни танла ёки оловга улоқтирилишни танла деса, куфрни танлашни оловга улоқтирилишидан ҳам кўпроқ ёмон кўриши лозим. Ким ўзида мана шу уч хислатни жамласа, у албатта иймон ҳаловатини топади. Ким иймон ҳаловатини топса, ин шаа Аллоҳ, қиёмат кунида дўзах азобини тотмайди. Аллоҳ барчамизни иймон ҳаловатини топадиган бандаларидан қилсин.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Мирмахаматов Муҳаммад
