Ҳушёрлик фалокатдан сақлайди
17

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Ҳозирги кунда экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ҳамда тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, таассубга берилиб нотўғри изоҳлашга ва одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. Бунда исломнинг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиниши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни дин билан боғлашга уриниши эса уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради.
Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
Ўзларини “Ислоҳчи” деб ҳисоблаётган ғараз ниятли гуруҳлар томонидан баъзи мамлакатларнинг ҳаттоки, масжидларида террорчилик ҳаракатлари амалга оширилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Айниқса, кейинги вақтларда террорчилар томонидан юзлаб мактаблар, аҳоли турар жойлари вайрон қилиниб, минглаб тинч аҳолининг қурбон бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Бунинг натижасида юз минглаб ўқувчи болалар илм олишдан маҳрум бўлаётгани, террорчиларнинг жамият тараққиётига болта уришга уринаётганидан далолат беради. Буларнинг барча ҳаракатлари аслида Қуръон таълимотига зиддир.
Ҳеч кимнинг бирор нарсани, ҳатто динни ҳам нотўғри, янглиш ва бўяб талқин қилишга хаққи йўқ ва бўлмаслиги керак. Бузғунчи оқимларнинг асл мақсади дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш, жамиятга ҳар томонлама зарар етказиш орқали кишилар, айниқса ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларини шакллантиришдан иборат экани барчага маълум бўлди.
Ҳушёрлик фалокатларнинг олдини олади. Айниқса, тинчлигимизга нималар таҳдид солаётганини олдиндан кўриб, англаб олинса, уларга қарши чора топишга вақт ҳам, имкон ҳам бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқатини Президентимиз такрор ва такрор таъкидлаб келади, тинчликдек бебаҳо неъматни асрашга халқимизни даъват этади, тинчлик учун албатта огоҳлик зарурлигини доимо уқтиради.
Шундай экан, ҳар биримиз бугунги кундаги вазифаларимиздан бири экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли мақсадини халқимиз орасида тинимсиз фош қилишдан иборат эканини асло унутмаслигимиз керак.
Сирожиддин Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
