«Ҳижрат қилиш шарт” деган даъвога раддия
9

Интернет тармоқларида “ҳижрат” сўзини нотўғри талқин қилиб, ҳижрат қилиш шатр деган тушунчани тарғиб қилаётган айрим кишилар учрамоқда. Аслида,ҳижрат ва уни қилиш шарт деган фикр ва тушунчалар нотўғри.
Ватанимиздан етишиб чиқган барча олимлар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Исо ат-Термизий, Имом Ҳаким ат-Термизий, Имом Абу Лайс Самарқандий, Имом Аз-Замаҳшарий, Имом Мотурудий, Имом ан-Насафий, Имом Бурҳониддин Марғилоний каби буюк ватандошларимизнинг ҳаётлари ва илмий ва маърифий меросларини ўқир эканмиз, уларнинг ҳар бирларида ўз Ватанига нисбатан муҳаббатлик бўлганлиги, мусофирчиликда таълим олиб, таҳсил бериб юрган вақтларида ҳам ўз Юртларига қайтишни орзу қилиб, ўшанинг қайғусида, ўшанинг муҳаббатида юрганликларини ўқишимиз мумкин. Мисол учун Имом Бухорий ҳазратлари Макка шаҳрида таълим олиб юрганларида Бухорои Шарифда Ҳаж зиёратига борганлар у кишига устозларидан салом етказганларида Имом Бухорий ўринларидан туриб, салом етқазган кишини бағриларига босиб, Бухорои Шарифга қараб таъзим қилиб қўйганликларига тарих гувоҳдир. Шунингдек, икки ярим йил ичида Масжидул Ҳаромда Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, унинг соясида тафсир илмида маълум ва машҳур бўлган “Ал-Кашшоф” асарини ёзган, “Жоруллоҳ” унвонига сазовор бўлган Имом Махмуд ибн Умар Муҳаммад аз-Замаҳшарий ҳазратларини бу борадаги сўзларини эслаб ўтиш айни муддао бўлади деб биламан. Жумладан, “Ватанига, оиласига, инсонларга нисбатан муҳаббати бўлмаган кишида яхшилик йўқдир” деб ўз она Юртларига, оилаларига, қавму қариндошларига нисбатан муҳаббатларини изҳор қилганликлари ҳам айни ҳақиқатдир.
Бугун хориж юртларида юриб, ўз Ватанига қайтмоқчи бўлган кишиларни алдаб, фитналарга солиб,эзгу ғояларидан қайтараётган манфур, ғаламис кимсалар бу каби инсонни тўлқинлантириб юборадиган сўзларни, бу борадаги тавсияларни ўйлаб кўрмоқлари лозим ва лобуддир.
Юқорида биз номларини санаб ўтган олимларимизнинг барчалари ўз қўнимларини ўз она ватанларида топганликларини, бу борада барча ибрат бўлганликларини ўзи ўзини Яратганнинг ердаги мукаллаф бандасиман деб биладаиган кишига кифоядир.
Ҳозирги кундаги ижтимоий тармоқдан фойдаланадиган барча инсонларга фитналарга берилмасликлари, ғаламис кимсаларнинг ёвуз ниятларини амалга оширишда қўшилиб қолмасликлари учун муқаддас динимизда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак сўзлари ила қуйидаги тавсия берилган. Бу ҳадисни Имом Термизий Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилганлар. Набий (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Олим бўлган, олим бўлолмасанг ўқувчи бўлгин, ўқувчи бўлолмасанг, эшитувчи бўлгин, эшитиувчи бўлолмасанг, уларга (олимларга, илм аҳилларига, ота-онага, иш бошлиқ раҳбарларга) муҳаббатли бўлгин. Бешинчиси бўлмагин ҳалок бўласан” деб барча инсонларни ўз ҳаётларида адашмасликка чорлаганлар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, интернет тармоғида тарқалган ҳар хил даъволарга ишонавермаслик лозим.
Б. Холмуродов
Қарши туман бош имом хатиби.
