Фитна–фасод — Ислом динига ёт

23

Ислом дини азалдан фитна-фасодга қарши курашиб келади. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради. “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”… (Оли Имрон, 103).
Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сусташиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади. Биз аксинча бўлишимиз, яъни бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз ва бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.
Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири — банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси — банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.
Баъзи инсонлар қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом  намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракъат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.
Баъзи васвасага тушиб қолган кишилар  ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикин” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади. 
Ҳар бир нарсани тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи бир кишлар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса гўшти покмикин деб тагига етишга ҳаракат қилади.  Бир кун Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумолар чўлда кетаётиб бир ховузга йўлиқдилар. Амр ибн Ос ҳовуз бўйида ўтирган кишига қараб “Эй ҳовуз эгаси ҳовузинга йиртқичлар ҳам келадими” деб сўрадилар. Гўёки вахший ҳайвонларни сўлаги нажосат, улар тумшуғини тиқиб сув ичишган бўлса сув нажосат бўлади дегандиек. У киши жавоб бермасидан туриб Умар розияллоҳу анҳу “Эй ҳовуз эгаси бизга буни айтмай қўявер” дедилар. Буни шариат ҳовуздан сув ичиш ва таҳорат қилишга рухсат берганидан кейин йиртқич келган, сўлаги сувга тушганини суриштиришга ҳожат йўқ – деганидек.
Мағрурланиш, ғулувга кетиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради. Асосийси мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмасликдир.

Муҳаммади ҚОРАЕВ
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби