БУЗУҚ АҚИДАДАН САҚЛАНИНГ

20

Соф исломий ақидани сақлаб қолиш, ислом анъаналари ва қадриятларини “оммавий маданият” таъсиридан асраш, динимизни сиёсатга айлантириш каби ғаразли ниятларни кўзлаган  турли мутаассиб ва ақидапараст оқимлардан авайлаш бугунги кундаги долзарб вазифамиздир.
Айнан мутаассиблик ва ақидапарастлик каби иллатлар  оқибатида кўплаб хунрезлик ва нотинчликлар келиб чиққани тарихдан маълум.
Ислом дини эса доимо инсонларни тинчликка ўзаро тотувликка чорлайди. Кишилар орасида меҳр-муҳаббат, иззат-ҳурматни вужудга келишини тарғиб этади. Ислом дини  замон билан ҳамоҳанг, чин инсоний туйғуларга мос келадиган диндир.
Ақида (эътиқод масаласи) исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан  саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Кейинчалик  ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда исломдаги илк тоифалар бўлмиш мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни  мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар вазифаларини муносиб бажардилар
Маълумки динга эътиқод ва ишонч мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, ватандошларимиздан Сўфи Оллоёр ҳазратлари: “Ақида билмаган шайтона элдир, агар минг йил амал деб қилса елдир”, деб таъкидлаганлар.
Бугунги кунда ҳам ислом ниқобига бурканиб олган баъзи оқимлар ўзларининг хатарли ғоялари билан мусулмонлар орасини бузмоқда ва уларнинг обрўсизланишига сабаб бўлмоқда. Энди биз ушбу ёт фирқа ва оқимларга қарши курашда билишимиз лозим бўладиган ишларни келтириб ўтамиз:
1.Динимизни ўрганишда ўтган буюк аждодларимиз изидан боришимиз зарур. Диний масалаларни кўрингандан ўрганавермай балки, маълум сифатларга эга бўлган диний уламолардан ўрганишимиз зарур. Демак биз динни ўрганадиган кишилар иймон эътиқодда собит бўлган, жамият ва халқ  ичидаги ишончли кишилар бўлиши шарт.
2.Фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш зарур. Уларни қаровсиз қолдириб, тарбиясини ҳаммага ҳам ишониб топширмаслик керак. Чунки бунинг оқибати қандай тугаши бизларга яхши маълум. Охирги йилларда ёшларимизнинг соддалиги, динга бўлган қизиқиши, саводини оширишга бўлган интилишларидан ўз ғараз мақсадларида фойдаланмоқчи бўлганлар кўп бўлди. Ҳадиси шарифда: “Мўъмин одам ўзини бир ковакдан икки марта (илон чиқиб) чақишига йўл қўймайди”, дейилади.
Халқимизда: “Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади”, деган сўзни эслашимиз ҳам лозим. Демак биз кўзимизни очишимиз, огоҳ бўлишимиз, бизни яна алдашларига йўл қўймаслигимиз лозим.
3. Турли тоифа, фирқалардан эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Эшитган гапини (текширмасдан) бошқаларга етказиш кишининг каззоблиги (ёлғончилигига) етарли далилдир”, деганлар. Демак, кимнингдир ғояларини текшириб кўрмай, унга эргашиб кетавериш динимизга зид, бундай ишлар фирқаланиш ва фитнага олиб келади.
4. Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш.
Айтишадики, бармоқлар бирлашсагина, кучли муштга айланади. Асл ўғлонларнинг меҳнаткаш қўллари, хайрли амалларгина Ватаннинг қаддини тик қилади. Бағрикенглик ғояси бутун жамият аъзоларининг Ватан манфаати йўлидаги якдиллиги, ҳамкор ва ҳамфикрлигини назарда тутади ҳамда тинчлик, барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.
5. Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш. Исломнинг соф ақидасига зид, ўтмиш уламолар меросига мувофиқ бўлмаган, мусулмонлар орасида фитна ва бўлинишга олиб келадиган ҳар қандай “янгилик” ва бидъатларга чек қўйиш лозим. Зеро ҳадиси шарифдаги: “(Диндаги) ҳар қандай янгилик бидъат, ҳар бир бидъат-залолат, ҳар бир залолат эса дўзахдадир”, дейилганида ҳам диний ишларга киритиладиган ўзгартиришлар назарда тутилган.
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун уларга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.
Демак бугун биз барчамиз жипслашишимиз, яратганга шукр қилиб, юртимиз тараққиёти ва ободлиги бунданда зиёда бўлиши учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Ғузаров Ўткир
“Хожа Бухорий” ўрта махсус  ислом билим юрти мудири