ҲАМДАРДЛИК МАКТУБЛАРИ КЕЛИШИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг вафоти муносабати билан хорижий мамлакатлар муфтийлари, нуфузли ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва дин арбоблари номидан ҳамдардлик мактублари келмоқда.

Ҳамдадлик мактубларида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматларини Ҳақ таоло ҳусни қабул айлаб, улкан ажру савоблар ато этишини сўралган.

Муфтий ҳазратлари 50 йилдан ортиқ дин хизматида ўз ишларига астойдил ёндошишлари, бошқаришдаги доно раҳбарликлари, одамлар билан мулоқотда зукко, илмий изланишларда қатъиятлиликлари билан Диний идора фаолиятини янги босқичга кўтарганликлари мактубларда алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон халқи, мўмин-мусулмонлари, муфтий ҳазратларининг сафдошлари, аҳли оилалари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдириши мактубларда сўралган.
Ҳамдардлик мактублари келишда давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати