ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ – ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИДИР…

Парвардигоримизнинг инояти ила жонажон Ватанимизда истиқлол шамоли эсмоқда, халқимиз ўзининг диний, миллий аслиятига қайтиб, порлоқ келажак сари иймон-эътиқод билан, ишонч билан, умид билан қадам ташламоқда.

Эътиқодлар хилма-хил бўлган ва кўп миллатли жамиятда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тотувлик муҳити, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш ижтимоий ҳаёт фаровонлигига эришишнинг асосий гаровидир.

Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсати халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, парламентимиз томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Ушбу мақсадда, Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилди.

Қонунни тайёрлашда шу борадаги халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида ва тамойиллар инобатга олинди.

Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Умуман олганда, ушбу Қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътирофэтилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.

Бу қонунимиз нафақат юридик ҳужжат, балки у миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий асосини ташкил этувчи умуминсоний ғояларга хизмат қилади. Давлат ва жамият ривожланишининг муҳим йўналишларини ва уларнинг тузилишларини белгилаб берадиган, тартибга келтирадиган олий юридик ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини, диний ташкилот ва диний ходимларни тинч тотувлигини таъминлашни асосий мақсадлардан бири деб эълон қилган ушбу қоидаларни рўёбга чиқариш асосида уни ҳаётимиз қомуси деб билишимиз ва қадрлашимиз катта аҳамиятни касб этади. Босчқичма босқич босиб ўтган даврига назар ташлайдиган бўлсак, шу қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз.

Хулоса ўрнида, Ўзбекистонда диний эркинлик тўла таъминланди. Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади эса инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари