ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – МАСЪУЛИЯТЛИ….

Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: “Эй болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан олиб егин”, деб ўргатдилар. Шундан бери ўшандай овқатланадиган бўлдим” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилдилар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади: Абу Рофиъ айтадилар: Мен: Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми? – деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатмоғлиги ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбияламоқлиги”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида шундай деганлар: Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишинг, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишинг мумкин. Аммо, темирчининг босқони эса, ё кийимингни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингни ачитади (Имом Бухорий ривояти). Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳ алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар — Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳ алайҳ: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

 

Музаффар Қосимов

“Хожа   Бухорий”    ўрта     махсус 

 ислом билим  юрти маънавий -маърифий