“ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР  ТЎҒРИСИДА”ГИ ЯНГИ ҚОНУН КЕЛАЖАГИМИЗ ГАРОВИ

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида қабул қиинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни халқимиз мусулмонлари, бу заминда истиқомат қилаётган барча миллат ва дин вакиллари томонидан катта мамнуният билан қарши олинди.  Ушбу Қонун кўп йиллардан буён мўъмин-мусулмонларимиз учун муаммо бўлиб келаётган масалаларга қонуний ечим бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.

Ушбу қонун, Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда  қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 5 июль куни тасдиқланган.  Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун 6 боб ҳамда 34 моддадан иборат. Мазкур янги таҳрирдаги қонун, 1998 йилдаги “Виждон  эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундан тубдан фарқ қилади ва фуқароларимизнинг виждон эркинликлари ҳамда диний эътиқодларини амалга оширишларида бир қанча қулайликларни таъминлайди. Зеро, ушбу қонуннинг мақсади ҳам фуқароларни виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни, шунингдек диний ташилотлар фаолиятини тартибга солишдан иборатдир.

Мазкур янги таҳрирдаги Қонун аввалгиларидан фарқли ўлароқ, қўшни давлатлар, шунингдек яқин ва узоқ хориждаги диний вазият ҳамда Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданияти ва қадриятларини инобатга олганлиги билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари ушбу қонунда дин ва диний ташкилотлар билан боғлиқ бўлган асосий тушунчаларга атрофлича таъриф берилган. Жумладан янги таҳрирдаги ушбу қонуннинг 3 моддасида “диний таълим муассасаси”, “диний ташкилот”, “диний ташкилотларнинг бошқарув органи”, “маҳаллий диний ташкилот”, “диний профессионал таълим” ва бошқалар тўғрисида батафсил тушунча бериб ўтилган.

Ушбу қонуннинг 5-моддасида виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари этиб, фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шароитлар яратилиши ҳамда турли динларга эътиқод қилувчилар ўртасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш устувор йўналиш этиб белгиланган.

Шунингдек, мазкур қонунда диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари бирма-бир қайд этилгани, давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилгани, унга кўра рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштирокининг бекор қилиниши бугунгача бўлган муаммоларни, ортиқча қоғозбозликларни камайишига хизмат қилади. Диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилгани, маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилгани, рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний  ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва  тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташлангани ушбу соҳада бўлаётган ислоҳотларнинг амалий давоми десак тўғри бўлади. Шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташлангани кейинги йилларда аёлларга бўлган эътибор, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ўз ўрнида қўйиш борасида навбатдаги амалий қадам бўлди.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун динлараро муносабатлар шаклланишига, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакиллари бир бири билан тинч тотув яшашига ҳамда  келажакда ҳам ана шундай бўлишини таъминлашга муҳим ўрин тутади.

Ўткир Маҳмудов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси