МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ МАҲСУЛИ

68

         Инсоният глобаллашув шароитида яшамоқда. Яъни иқтисодиёт соҳасидаги жадал ўзгаришлар, унинг ривожи, маданий, сиёсий, ижтимоий алоқаларнинг ўзгариши даврида турибмиз. Демак бундай шароитда бағрикенглик, айниқса, муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон аҳолиси миллий таркибига кўра кўп миллатли давлатлар қаторига киради. Ҳозир Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари яшайди.

Юртимиз ҳудудида қадим даврлардан этник ва диний хилма-хилликка  ҳурмат билан қараб келинган. Ҳар бир миллатнинг умумий манфаатлари билан бирга ўз қадриятлари ҳам бор. Ўзбекистон каби кўп миллатли мамлакатда турли миллатлар манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу масалага мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб катта эътибор бериб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилаётган бир шароитда турли конфессия вакиллари билан мулоқот қилишнинг юксак маданиятига эришиш катта аҳамият касб этади. Ҳозирги кунда адолатли бошқарувга эга бўлган Республикамизда 16 та диний конфессия мавжуд бўлиб, хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишилар бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб фаолият кўрсатмоқда.

“Бағрикенглик” (“толерантлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир бирини тўлдирувчи мазмунга эга.  Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидамлилик, бардошлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.

Давлатимизнинг динга нисбатан сиёсати, унинг конституциясидаги инсон ҳуқуқлари, эътиқод ва виждон эркинлиги тамойилларига асосланиб, бирор миллатни ёки диний эътиқодни камситишга йўл қўймайди. Аксинча, республикамиздаги мавжуд бошқа конфессияларнинг ҳам ривожланишига доимо эътибор қаратиб келмоқда.

Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом динлари ёнма-ён яшаб келган, маданият марказлари ҳисобланган шаҳарларимизда масжид, черков, синагогалар фаолият кўрсатган. Уларда турли миллат, элат ва динга мансуб бўлган халқлар, қавмлар ўз диний амалларини эмин-эркин адо этган.

Муқаддас китобимиз Қуръони Каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар.

Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритиб берилган. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал-Мотуридийнинг асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръони Карим оятларининг тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган “Таъвилот аҳли сунна” асарининг “Ҳаж” сураси 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”,– деб қатъий таъкидлайди.

Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий  эса ўзининг “Баҳр ал-улум” номли тафсир китобида Қуръони Каримдаги  “Мумтаҳана” сурасининг 8, 9-оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”,- деб ёзади.

Насафлик машҳур юртдошимиз, фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан-Насафий ўзининг  “Мадорик ат-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, — деб шарҳлайди.

Мамлакатимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда.

Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам динлар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Ҳозирги дунёнинг турли бурчакларида ғоявий қарама – қаршиликлар авж олаётган, миллатлар ва динлар орасида турли низоларни чиқариш билан тартибсизликлар уюштирилаётган бир вақтда диний бағрикенглик бундай иллатларни бартараф этишда энг фойдали ва самарали ечимдир.

 

 

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари