БАРЧАМИЗ ТИНЧЛИККА МАСЪУЛМИЗ

Тинчликни сaқлaш, уни мустaҳлaмлaш кундaлик ишимиз, муқaддaс бурчимиздир, ҳaр бир фуқaрo ўз вaзифaсини виждoнaн aдo этмoғи лoзим. Демак, ҳар бир инсон ер юзида тинчлик, осойишталик барқарор  бўлиши учун Аллоҳ олдида масъулдир.

          Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  Раъд, Бақара каби бир нечта сураларида бузғунчиликдан сақланишни буюрган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур”.

Бугунги кунда тинчлик-осойишталикни сақлаш фақат маълум соҳа вакиллари иши эмас, балки ҳамманинг юксак вазифасига айланди. Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган можаролар, нотинчликлар шуни тақозо этмоқда.

Тинчликни асраб-авайлаш, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз керак. Мана шу тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларнинг беғубор кулгиси, ота-оналаримизнинг шукронавор ҳаёт кечиришлари диёримиздаги барқарорлик туфайлидир.

Тинчлик қарор топган заминда хотиржамлик ва фаровонлик ҳукм суради. Мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, осуда ҳаётни асраш барча фуқароларнинг асосий бурчларидан биридир. Зеро, Бош қомусимиз бўлган Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир», деб белгилаб қўйилган (52-модда).

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоват ҳамда тарқоқликга барҳам беришга чақиради. Тинчлик бебаҳо неъмат деб баҳоланади.

Инсонларнинг бепарво, лоқайд бўлиб қолишларининг охир-оқибати фожеадир. Баъзи кимсаларнинг ёвузликка қўл уришлари лоқайдлик натижаси эканини асло унутмаслик керак.

Бугун кишиларга «бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган» одамлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини, уларнинг Ватанига ҳам, эл-юртига ҳам фойдаси тегмаслигини, аксинча зарари бўлишини уқтириш лозим. Чунки азалдан маълумки, бепарво, лоқайд одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Душманнинг кимлиги, асл қиёфаси аввалдан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини, унинг мақсадини бирданига билиб бўлмайди.

Амир Темур бобомиз шундай деган:  «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир».

Абдураҳмон Жомий шундай дейди: “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир”.

Ватанни ҳимоя қилиш, унинг ҳимояси учун жонини тикиш, уни асраб-авайлаш ҳар бир инсон учун фарзи айн ҳисобланади.    Нажмиддин Кубронинг ватан ҳимояси учун жонини тиккани, кўрсатган қаҳрамонлиги барчамиз учун ибратдир.

Инсон нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этиши лозим. Айрим давлатларда бўлаётган ўзаро тўқнашувлар ва қарама-қаршиликларнинг яна бир сабаби ношукрчиликдир. Шунингдек, шукроналикнинг акси бўлган, ношукрлик  жамиятда илдиз отиб кетиш хавфи катта бўлган таҳдиддир.                                                                               Бундай инсонларни динимиз ҳам қоралайди: Пайғамбаримиз   шундай деганлар: «Аллоҳнинг қавмларига аталган бир талай неъматлари бор. Қавмлар бир — бирларини эҳтиёжларини таъмин этган ва бир — бирларининг дардларини аритган ва аритаётган вақтларда бу неъматларни уларга беришда давом этади. Бир — бирларини севмай, бир — бирини чалиб йиқитишга ўта бошлаган вақтларда уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бошқа аҳил қавмларга беради”.

Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахлдор деб биладиган ҳар бир киши бундай тинчликнинг моҳиятини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб ҳиссасини қўшади. Албатта, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб- авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари