ТИНЧЛИК НИМА ЎЗИ……

Тинчлик! Бу неъматни азал — азалдан барча халқлар, элатлар юксак қадрлашган. Уни буюк мақсадлари ва орзу истаклари рўёбга чиқишининг асосий калити сифатида қарашган. Бунинг учун эса қанчадан — қанча инсонлар жон фидо қилишган.

Яратганга шукрлар бўлсинки, аждодларимизнинг тинчлик учун қилган фидойиликлари ва саъйи ҳаракатлари туфайли бизлар мана шундай тинч осойишта ва доруламон бир юртда, замонда яшамоқдамиз. Ҳеч бир қўрқувсиз тунлари уйқуга кетяпмиз. Ва кундузлари омонликда кундалик юмушларимиз билан овворамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар: “Икки неъмат борки кўпчилик инсонлар уни қадрига етмайдилар. Булар бири тан сиҳатлик бўлса, яна бири тинчлик хотиржамликдир”.

Афсуслар бўлсинки ҳозирда, бугунги куним қандай ўтар экан, қандай қилиб қорнимни тўйдирар эканман деган ўй хаёллар билан юрган кишилар мавжуд бўлган жойлар ҳам бор. Бундан ташқари қанчадан қанча ёшлар таълим тарбиядан узилиб қолган, ҳаттоки кўчага чиқишдан ҳам қўрқишади. Вазиятнинг бунақанги тус олишига сабаб нима? Сабаб битта. У ҳам бўлса тинчликнинг йўқлигида. Вақтида тинчликнинг қадрига етилмаганлигида.

Тинчлик, уни сақлаш ва у учун ҳаракат қилиш борасида муқаддас динимизда кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Ваҳоланки, Ислом динининг ўзи  инсонлар учун тинчлик ва омонлик динидир. Набий саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам фаришталар ўшани қўймагунича уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота бир ёки она бир ака — укаси бўлса ҳам” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти). Бу ҳадисда бировга таҳдид ила бирор нарсани ўқталиш ҳақида сўз кетмоқда ва бу иш билан киши лаънатга қолиши уқтирилмоқда.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлмиш Қуръони Каримда инсонларни тинчликка чақириб шундай дейди: “Эй, мўминлар, тинчликка батамом кирингиз, шайтон йўлларига эргашмангиз. Зеро, у (яъни шайтон) сизларга очиқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят). Ояти каримадаги тинчликка батамом кириш дейилганда, мусулмонларнинг ўзаро тинч — тотувликда яшаши билан бир қаторда бошқа дин вакиллари билан ҳам хотиржам умргузаронлик қилишлари назарда тутилади.

Шу маънода Аллоҳ таоло бошқа бир оятда марҳамат қилиб айтадики: “Борди-ю, тинчликка мойил бўлсалар бас сиз ҳам унга (тинчликка) мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг ” (Анфол сураси, 61-оят). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар. Шунда ўрталарингизда меҳр -муҳаббат уйғонади”. Бундан келиб чиқадики кишилар ўзаро бир — бирларига меҳр — мурувватли бўлса, ўзаро шафқат ҳисси бўлса улар ўртасида ўзаро низолар келиб чиқмайди ва тинчлик ҳам йўқолмайди. Кишиларнинг юксак маънавияти, сиёсий маданияти, миллатнинг ғоявий ва мафкуравий етуклиги, илму – маърифати — мамлакат тинчлигини сақлашнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳар бир шахс “юртим тинч – мен тинч, элим тўқ бўлса, мен ҳам тўқман, элимнинг бошига кулфат келса, менинг бошимга ҳам келади, демак, юртим мен учун, мен эса юртим учун жавобгарман, ўзимни, ўз уйимни ўзим асрамоғим даркор” деган ҳикматни ўзига шиор қилиб олиши лозим.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, неъматлар ичида энг буюги бўлган тинчлик неъмати учун яратганга шукрлар қилишимиз ва унинг қадрига етишимиз лозим. Барчамиз, ёш — у қари бир тан — у бир жон бўлиб тинчлик учун боримизни фидо қилишимиз лозимдир.

 

Ў. Ғузаров

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири