ОЛИЙ НЕЪМАТ БУ ТИНЧЛИКДИР…. 

Инсоният яшаши давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу — умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш — жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимининг бир меъёрда бўлишлигини ифода этади. 

Тинчлик! Бу неъматни азал — азалдан барча халқлар, элатлар юксак қадрлашган. Уни буюк мақсадлари ва орзу истаклари рўёбга чиқишининг асосий калити сифатида қарашган. Бунинг учун эса қанчадан — қанча инсонлар жон фидо қилишган.

Яратганга шукрлар бўлсинки, аждодларимизнинг тинчлик учун қилган фидойиликлари ва саъй —  ҳаракатлари туфайли бизлар мана шундай тинч -осойишта ва доруломон бир юртда, замонда яшамоқдамиз. Ҳеч бир қўрқувсиз тунлари уйқуга кетяпмиз. Ва кундузлари омонликда кундалик юмушларимиз билан оворамиз.

Одамларнинг ўзаро бир — бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр — мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар истиқлолнинг ўтган йигирма олти йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю — томошалар, байраму шодиёналар бир — бирига уланиб кетмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.

Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам. Эл — юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф — одат ва расм -русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. Халқимиз тинчлик ва осойишталикни истаб кундалик ҳаётида қатор диний ва миллий фазилатларни амалга оширади. Жумладан:

Улар кўришганида салом беради. Бу бир — бирларига тинчлик, омонлик тилаш рамзидир.

Дуо қилса, Яратгандан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади.

Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади.

Тўй — тантаналарда тўйлар бўлаверсин дейди, чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган тантанадир.

Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахтига тинчлик, икки дунё обрўси ва бахт — саодат берсин деб илтижо қиладилар.

Бир сўз билан айтганда, инсониятга, дов — дарахтга, чорва — молга, қурт — қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик — хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ.

Айтишларича, нотинчлик, урушлар сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд  одам ҳаётдан кўз юмган.

Тинчликни асраб — авайлаш, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз керак. Мана шу тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларнинг беғубор кулгиси, ота — оналаримизнинг шукронавор ҳаёт кечиришлари диёримиздаги барқарорлик туфайлидир.

Аллоҳ таоло бандаларига ўз фазли карами билан беҳисоб нематларни ато етган. Ана шу неъматлардан бири тинчлик ва осойишталикдир.  Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида иймон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Унинг  таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка  чақириш, Ер  юзида осойишта  ҳаёт  ўрнатиш, кишиларни  бир — бирига меҳр — мурувватли  бўлишга, дини,  миллати,  ирқидан қатъий  назар, ўзаро  иззат — ҳурмат  кўрсатишга чорлашдир. Қуръони  каримнинг Бақара сураси 208 — оятида Аллоҳ таоло  инсониятни ёппасига тинчликни қарор топтириш ишига киришишга буюрган. Тафсир  китобларида келтирилишича,  юқорида келган оятдаги  биргина  “коффатан” сўзи  бир жиҳатдан барча  инсонлар  бирлашган ҳолда  тинчлик  йўлини тутишлари  лозимлигини  билдирса, бошқа  жиҳатдан  тинчликни барқарорлаштириш  учун   қайси йўл билан  бўлса  ҳам ҳисса  қўшиш  зарурлигини билдиради.

Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръони каримнинг кўплаб  оятларида тинчлик — осойишталикка катта эътибор қаратилади, хусусан, Исро сурасининг 83 — оятида тинчлик — осойишталик неъмати учун шукр қилиш тўғрисида Аллоҳнинг кўрсатмаси келган.

Тинчлик – осойишталикнинг аҳамияти келган ҳадиси шарифлар ҳам бисёр. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз шундай дейдилар: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан” дедилар.

Пайғамбаримиз  бошқа бир муборак  ҳадиси  шарифларидан бирида: “Икки  неъмат  борки, кўпгина  инсонлар  бу неъматлардан  бебаҳрадирлар.  Булар тинчлик  ва  саломатликдир” деб  тинчликнинг нақадар  бебаҳо неъмат эканлигини   билдирганлар.

Дарҳақиқат, инсонга бирор неъмат келса, ҳамма ҳам унинг қадрига бирдек етавермайди. Бу неъматлар қўлдан кетгач пушаймондан не фойда? Неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб – авайлаган инсонлар эса бу неъматлардан узоқ вақт баҳраманд бўлиши шубҳасиз. Моддий қийматга эга бўлган неъматлар қўлдан кетгач қайта топиш мумкин. Аммо тинчлик — хотиржамлик, соғлик каби бебаҳо неъматларни йиллар давомида  ҳам қайта тиклаш мушкулдир.

Мустақиллик шароитида этник мунособатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик муҳити қарор топди.             Агар нотинчлик ҳукм сураётган юртларга назар ташласак, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка минг бора шукр қиламиз. Дин ниқобидаги турли бузғунчи оқим ва фирқалар мамлакатдаги тинчлик, осойишталик, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳилликка раҳна солиш мақсадларидан қайтишгани йўқ. Бу эса ҳар биримиздан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни, уларнинг дин тўғрисидаги билимларини ва саводхонлигини тинмай ошириб боришни, шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни талаб этади. Бу борада ҳамма бирдек ҳаракатда бўлиши, огоҳ бўлиши, юртимиз тинчлиги, барқарорлиги учун ўзаро ҳамкорлик қилиши даркор.

Лоқайдлик, бепарволик ёки ўзим омон қолсам бўлди каби нотўғри фикрда юрган кимсаларнинг фикри оқибатда нимага олиб келиши тўғрисидаги ҳадис шарифни ўргансак, янада кўпроқ нарсаларни тушуниб етишимиз аниқ. “Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкан”, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар” Имом Бухорий ривоят қилган.  Ҳа, жамиятда бир илллатни олдини олган, уни кўрганда қарши курашган биргина инсон, бутун бир миллатни қутқарган бўлади. Халқимизда “Бирники мингга – мингники туманга” деган мақол бежизга эмас, албатта.

Тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб туришда оилада ота — онанинг роли катта. Ота — она фарзандларига тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб боришлари даркор. Айниқса, аёл киши болалари тарбиясига масъул бўлгани учун ҳам болаларига тинчлик ўзи нима экани, бугунги кундаги мустақиллигимизга осонлик билан эришмаганимиз, унинг қадрига етишимиз кераклигини тушунтириш билан бир қаторда фарзандларида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб бориши зарур. Шундагина фарзандларимиз элим — юртим деб ёниб яшайди ва жамиятга керакли шахс бўлиб етишади.

Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Дунёда рўй бераётган турли ноҳуш ходисалар биздан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишни тақозо этади. Ана шу ҳолатни эсдан чиқармай, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва адолат билан ҳаракат қилишимиз, тинчлик ва инсонпарварликка ундовчи ғояларни рўёбга чиқариш йўлида бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари