Сизни ҳеч кимга бермаган Ватанни … Сиз ҳам асранг!

Улуғ Навоий ҳазратлари айтадилар:

Эл поясин англай десанг, асрорини бил,

Кўнглидаги муддаосин изҳорини бил.

 

Буюк шоир неча юз йил аввал мамлакат подшоси ҳамиша ўз юрти фуқаролари аҳволидан хабардор бўлишини ният қилган. Шунинг учун ҳам Шоҳ огоҳ бўлса, халқ ҳаётидан хабардор бўлса, мамлакат обод, халқ бахтиёр бўлади, деб ишонган.

Бугун мамлакатимиздаги шиддатли ислоҳотлар инсон манфаатлари, унинг қадр-қиммати нақадар устувор аҳамиятга эгалигини кўриб, буюк Навоий орзу этган кунлар шу, деган фикр ўтади. Инсон манфаати ҳар нарсадан устун, деган эзгу ғоя сиёсатимизнинг бош мақсадини белгилаб берди. Бу мамлакатимиздаги халқпарвар, элпарвар сиёсатнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан билиш керак бўлди. Ёдимда, бу соҳадаги илк вазифалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямизнинг 24 йиллиги муносабати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида белгилаб берилган эди.

Маърузада мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини кескин оширишга қаратилган янгича ёндашувларни қўллаш таклиф этилганди.

Ўшанда одамлар давлат идораларидан нимани истаяпти, деган қатъий ва кескин, ҳаётий савол қўйилди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган ғоя барчамизни тўғри йўлга етаклади. Дарҳақиқат, раҳбар қанчалик одамларга яқин бўлса, уларнинг дарди, ташвиши билан яшаса, оғирини енгил қилишга интилса, у халқпарвар етакчи деган улуғ мартабага сазовор бўлади. Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш соҳасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда дунё ҳавас қилаётган кўплаб ташаббуслардан фақат бирига тўхталгим келади.

Мамлакат раҳбарининг ўзи бош бўлиб, ўзи ташаббус кўрсатиб, қўрқмай, жасорат билан ўз фуқароларини ҳимоя қилаётганини бутун дунё кўриб, ҳавас қилмоқда. Ўзга юртдан жаннат қидириб,  бир маҳаллар ,юртини ташлаб кетган, алданган, адашган, охир-оқибатда хўрланган, топталган ватандошларини кечириб, юртга қайтаришнинг ўзи бўлдими? Юртдан юз ўгирганларга-чи, юз буриш осон кечдими? Бунинг учун қуёшдек меҳр, метиндек ирода, бир эмас, минг Алпомиш жасорати керак бўлар эди. Бизнинг халқпарвар  Юртбошимиз ана шундай ақлбовар қилмас жасорат ва меҳр билан адашган-алданган ватандошларимизни ҳимоя қила олди. Суриянинг таҳликали, нотинч лагеридан, жангарилар изғиб юрган қашқирлар маконидан  минглаб аёл ва болаларни олиб чиқишнинг ўзи бўлдими?

Очлик, хорликда, зўравонлик қурбони бўлган бу аёлларнинг ҳаёти ҳақиқий жаҳаннам эди. Боласига бир ушоқ нон ҳам топиб бера олмаган, очлик, яланғочлик исканжасидаги уқубатларнинг барии- бари бир пайтлардаги ношукрлиги, уволи эвазига  бошига бало бўлаётганлигини бу аёллар ўкиниб  ҳис қилишарди… Жуда кеч англашар эди. Энди уларнинг кечаги кунлари, жаннатмакон юрти, осуда ўтган ҳаёти ширин тушга айланган эди…

Ана шундай азобларнинг чеки йўқ, эртанги кундан умидлари сўнган кунларда бизнинг мард йигитларимиз, фидойи, мушфиқ онаизорларнинг кўз қорачиқ дилбандлари, баҳодирлари жонларини хатарга қўйиб, адашган, алданган юртдошларининг ҳалоскори бўлиб, уруш ўчоқларига кириб бордилар. Султон суягини хор қилмайди деб, ватандошларини балолардан олиб чиқишга  бел боғладилар. Уруш даҳшатларини кўравериб, қўрқув қотиб қолган нигоҳлари ҳалоскорларига ҳадик билан боқарди. Ҳаласкор аскар йигит болакайни бағрига босмоқчи бўлганида унинг меҳр кўрмаган мурғак вужуди бир сесканиб, ортга тислангани ҳам рост. Чунки туғилганидан буён эркаланиш нималигини билмай бақир-чақирларда, фақат ўқ, бомбаларнинг даҳшатли гумбурлашини эшитган эди. Онасининг тинимсиз кўз ёшларини кўрган, бомба остида қолиб, ҳали ҳам чалажон ётган опасининг қўлсиз, оёқсиз танасидан даҳшатга тушган.

Ана, уни баланд бўйли аскар акаси бағрига босиб, кўтариб самолётга олиб чиқди. Кейин онасини ва яна ўнлаб тенгдошларини ҳам кўрди. Фақат қўшни чодирда яшаётган 10 ёшли Салоҳ кўринмади. У кеча озроқ бўлсада нон топиб келаман деб кетганича, қайтиб келмади. Кейин… кейин эса лагердан чиқаверишда дайди ўққа учраганини эшитди…

“Уйимизга борамиз, — деди уни кўтариб олган аскар акаси севиниб, — уйимизга…”

Дарвоқе, болакай уйи нималигини билмайди. Мана шу лагерда, қор бўрон, жазирама иссиқда 50-100 киши бир чодир тагида яшашди. Аскар акаси айтаётган уй нима ўзи? Аммо, унинг мурғак вужуди бир иссиқ, ёқимли туйғуни ҳис этди, бу туйғу уни сира-сира тарк этмаслигини жуда-жуда истади. Бу Аскар акасининг меҳри эдими ёки бу…

Бу —  унинг Президентининг ватандошлари ҳақидаги тинимсиз ғамхўрлиги эди.

Бу  инсон фақат бахт учун туғилади, деган эзгу ғоянинг тантанаси эди.

3 йилдан буён махсус авиарейсларда ватандошларимиз Суриядан қайтариб  келинмоқда. Аниқроғи  жаҳаннам азобларидан қутқарилмоқда. Қочқинда юрганларнинг ўзлари бу бахтга ишониб-ишонишмас эди. Ана, улар оёқ яланг, юпун, сўлғин бир алфозда улкан ҳаво кемаси трапидан ҳайрат билан, ҳаяжон билан тушишяпти. Ана, улар ерга оёқларини қўйган заҳотиёқ бошларини Ватан тупроғига қўйиб, тупроғимизни ўпиб, ўксиб-ўксиб йиғламоқдалар. Соғинчдан, қувончдан кўз ёшлари сел бўлиб оқмоқда… Наҳотки, юрт тупроғини бир бор бўлса-да тавоб этишдек армонлари ушалган бўлса, наҳотки, қариндошлари дийдори насиб этган бўлса… “Минг шукр, беҳисоб шукр…”

Ватан уларни яна ардоқлаб, меҳр билан бағрига олди. Ўйинчоқ нималигини билмаган болаларнинг ҳайрати, ўзга юртда боласига ҳатто нон олиб беришга қурби етмаган ўкинчдан ранглари сарғайган оналарнинг тўкин дастурхонни кўрганларидаги қувончлари… Ҳаётида дориломон кунларни илк бор кўраётган жажжи гўдаккиналарнинг шодликдан чақнаган кўзлари…

Шифокорларнинг эътибори, атофдагиларнинг ғамхўрлиги, меҳри… “Жаннат деганлари бундан ортиқ бўлмас” дея ўйлашарди улар…

Дунёда ўз ҳудудида ўз фуқароларига етарли ғамхўрлик кўрсатмаётган юртлар борлигини биламиз. Уйсиз-жойсиз, бошпанасиз аҳоли қанча? Манаман деган давлатларда ҳам кўчада ётиб юрган фуқароларни кўряпмиз. Бизнинг мамлакатимизда эса, ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида. Ўз ҳолига ташлаб қўйилмаяпти.Эҳтиёжмандлар ҳақида тинимсиз ғамхўрлик кўрсатилмоқда. “Темир дафтар,””Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” деган ҳеч қаерда  андозаси йўқ янги шакллар кириб келдики, унинг асосий мақсади халқни рози қилиш мақсади бўлаяпти. Ҳаётдан ўз ўрнини топишига, бахтли   бўлишига кўмак берилаяпти.Йиқилса турғазиб,  суялаяпти, адашса бир меҳрибон қўлнинг тафти уни тўғри йўлга бошлаяпти. Шоир Муҳаммад Юсуф айтганидек:

Қайга борсам, суяб бошинг тик тут деб,

Тоғларинг изимдан эргашиб юрар.

“Юзга оёқ қўйиб кетдингми, энди кунингни кўравер,” демай, Ватан адашганларни, алданганларни тоғ бўлиб суяяпти. Ватан бугун ҳам уларга таъна қилмай, миннат қилмай, она бўлиб қучоқ очаяпти. Ота бўлиб, тиргак бўлмоқда. Ватан онамиз! Она  Ватанимизни ҳам  суяшимиз керак, Ватанимизни ҳам онамиз  каби севинтиришимиз керак. У ҳам фарзанди камолини кўришни истайди, у ҳам боласининг шон-шарафини кўрмоқликни ният қилади.

Ватанига қайтган ватандошларим!

Юрт сизни оғир дард ватангадоликдан   асради. Сизни Ватанга қайтарди. Энди Сиз ҳам тоза юрак билан унинг бағрига бош қўйинг. Она бўлиб, опа бўлиб, жон қадар сингилу қиз бўлиб ,шу ватанга муносиб бўлинг. Чунки хатоларимизни фақат ёлғиз Она кечира олади. Ватан ҳам Она. Яхши-ёмонимизни кечирган шу улуғ Ватанни рози қилайлик. Сизни ҳеч кимга бермаган, бегона юрт, ўзга тупроқларда қолдирмаган Ватанни Сиз ҳам ҳеч кимга бермай, асраб-авайланг. Бирга авайлайлик, бирга асрайлик.Токи, у ҳам биз билан фахр этсин.

Комила КАРОМОВА