Виждон эркинлиги кафолати

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, сўнггги йилларда барча соҳаларда миллий қадриятлар устуворлиги асосий тамойил сифатида ўз аксини топмоқда. Буни исботи сифатида маърифий исломнинг қўллаб қувватланиши юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли амалга оширилмоқда.

Эътиқодлар хилма-хил бўлган ва кўп миллатли жамиятда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тотувлик муҳити, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш ижтимоий ҳаёт фаровонлигига эришишнинг асосий гаровидир.

Дин шахсий дунёқараш ва амал бўлиб, қонун уни тўлиқ кафолатлайди, ҳар бир шахсни диний ҳиссиётлари камситилишидан ҳимоялайди.

Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсати халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, парламентимиз томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди, Ўзбекистон президенти 5 июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги қонунга имзо чекди. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йилнинг 4 май санасида, Сенат томонидан эса 26 июнда қабул қилинган эди..

Ушбу мақсадда, Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилди.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилди, жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ бекор қилинди.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, шунингдек яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинган. Қонунни тайёрлашда шу борадаги халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида ва тамойиллар инобатга олинган.

Тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятларни инобатга олган ҳолда, қонунда — Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар экспертлари томонидан берилган тавсиялар ўз аксини топган.

Қонун бир нечта муҳим янгиликлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришни ўз ичига олган:

Биринчидан, “Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилди.

Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди.

Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди.

Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар назарда тутилди. Бу ҳам илгари тарихимизда бўлмаган механизмлардир.

Учинчидан, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Тўртинчидан, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган МФЙ розилигини олиш тартиби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат-ҳужжатларни йиғишдан халос бўлдилар.

Бешинчидан, бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида нотинч вазият ҳукм сураётгани туфайли диний омилдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш кучайиб бораётганини инобатга олиб, Ўзбекистон ҳудудида бузғунчи ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун диний мазмундаги босма, аудио ва видео маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш долзарб бўлиб қолмоқда.

Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани қайд этилди.

Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Бу қонунимиз нафақат юридик ҳужжат, балки у миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий асосини ташкил этувчи умуминсоний ғояларга хизмат қилади. Давлат ва жамият ривожланишининг муҳим йўналишларини ва уларнинг тузилишларини белгилаб берадиган, тартибга келтирадиган олий юридик ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини, диний ташкилот ва диний ходимларни тинч тотувлигини таъминлашни асосий мақсадлардан бири деб эълон қилган ушбу қоидаларни рўёбга чиқариш асосида уни ҳаётимиз қомуси деб билишимиз ва қадрлашимиз катта аҳамиятни касб этади. Босчқичма босқич босиб ўтган даврига назар ташлайдиган бўлсак, шу қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз.

Ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳаётимизнинг гарови бўлмиш тинчлик, осоишталик, тотув ҳаётнинг асослари белгилаб берилган. Энг муҳими, инсон ҳуқуқи, инсон эркинлиги мустаҳкам муҳрлаб қўйилган.

Р. Усмонов – ЎМИнинг Қашқадарёвилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби