СОХТА ТАРИҚАТЧИЛАР

Юртимизда дин эркинлиги яратилган бугунги кундаги баъзи ўзларини тасаввуф ва тариқатга мансуб деб биладиган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, айтаётган сўзлари кўпчиликни ажаблантирмоқда. Уларни оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилишлари хар-хил нотўғри фатво ва қарашлари муқаддас динимизга доғ бўлиб тушмоқда.

Тариқат, тасаввуф аслида руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Диёримиздан сон-саноқсиз тасаввуф шайхлари ва тариқат пирлари етишиб чиққани бунинг ёрқин мисолидир. Лекин,­­­­ бугунги кунда жоҳилларча ўзларини тариқат эгалари деб даъво қилиб, мусулмонларни чалғитиб, обрў ва мол-дунё орттиришни ўзларига мақсад килганларнинг кўзга ташланаётгани ташвишланарли ҳолатдир. Буларга асосан илмдан йироқ, кўр-кўрона эътиқод қилишга мойил кишиларнинг эргашиб қолаётганига гувоҳ бўласиз.

Бундай асоссиз фитналарга мамлакатимизнинг маърифатпарвар уламолари томонидан етарли ва асосли раддиялар берилаётган бўлишига қарамасдан баъзи юртдошларимизнинг сохта тариқатчилар алдовига учиб, эътиқодида адашиб қолаётгани ҳали-ҳамон учрамоқда. Оқибатда тариқатнинг обрўсини тушириб, эл-юрт олдида ўзларига бўлган ишончни йўқотишмоқда, топган мол дунёларини сохта пирлари йўлида сарфлаб, оилаларини нафақасиз қолдиришмоқда.

Маълумки, тасаввуф руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи сифатида пайдо бўлиб, унинг намояндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кўплаб олиму уламо, фозилу фузалолар ўзларини тасаввуф оламига дахлдор санаган, унинг покликка даъват қилувчи ғояларини халқ турмуш тарзига татбиқ этиш йўлида саъй-ҳаракат қилишган.

Тариқатнинг мақсади шариат илмларини амалга татбиқ қилиб, Аллоҳнинг маърифати ва муҳаббатини қалбга жо қилишдан иборатдир. Сохта тариқат “сўфий”ларининг илм-маърифат ўрганиш ўрнига қалблари кибрга тўлиб, “биродар” бўлмаганларнинг амалларини номақбул деб айблашади. Эътиқод овчиларининг хатарли кирдикорларидан огоҳ бўлиш баробарида, бундай маҳаллий обрўпарастларнинг алдовларидан ҳам бохабар бўлиш — бугунги куннинг асосий талабларидан биридир.

Тариқат илми — аввало, шариат илмларини мукаммал эгаллагандан кейин ўрганиладиган илмдир.

Бугунги кунда аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адашмаслигимиз ҳамда амалларимизнинг ҳабата бўлишлигидан  асрашлигимиз учун тасаввуф ҳақида етарли  илм-маърифатга эгa бўлишликка интилмоқлигимиз ва  бу борада юртимиздаги уламоларимизга  эргашмоқлигимиз жуда зарурдир.

Истиқлолимиз шарофати туфайли буюк алломалар замини бўлган диёримизда Ислом илми ҳам шу қадар равнақ топиб бормоқдаки, қисқа муддат ичида ҳавас қиладиган даражага етмоқда. Шундай бир шароитда эътиқодимизни аллақандай манфаатпарастлар қўлига топширмасдан, маърифатпарвар уламоларимизга мурожаат қилайлик. Эътиқод йўлимизни танлашда уларнинг маслаҳатига қулоқ солайлик. Ана шундагина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган, қиёматгача ҳақ йўлдан адашмайдиган уммат бўламиз…

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари