ҚОМУСИМИЗ – БАХТИМИЗ ПОЙДEВОРИ

ҚОМУСИМИЗ – БАХТИМИЗ ПОЙДEВОРИ

Маълумки, ҳар бир давлатнинг шаклланишида Конституциянинг ўрни беқиёсдир. Бизнинг Конституциямиз 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган кун бўлиб, ҳар йили мазкур сана байрам сифатида кенг нишонланади. Бош Қомусимиз миллатимиз руҳига, ҳаёт тарзи ва урф-одатларига мос келадиган имон-эътиқод, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатларни ўз ичига олган десак асло муболаға бўлмайди.
Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган ҳуқуқий ҳужжатдир. Яратилаётган бошқа қонунлар конституциявий меъёрларга асосланади, меъёрий ҳужжатлар ҳам шу асосда ишлаб чиқилади. Бош қомусимизда жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиши ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар белгилаб берилганлиги билан ҳам янада аҳамиятлидир. Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан, юртимиз мусулмонлари Асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар. Хусусан, ушбу ҳужжатнинг янги қабул қилинган таҳририда виждон ҳамда эътиқод эркинлиги алоҳида кафолатлаб қўйилган.
Конституциямизнинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, дейилган. Юртимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош Қомусимиз белгилаб берган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Улар эртанги кунга комил ишонч билан меҳнат қилиб, ягона Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Унда нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиийдир. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, сизу биз гўзал ва ҳур диёрда тинчлик булоғидан қониб умр гузаронлик қилиб келмоқдамиз.
Хулоса ўрнида, юртимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳар бир онгли инсон Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларини сезиб, тўлақонли равишда бажариши лозим бўлади. Ушбу ишларни амалга оширган кишилар ҳам давримиз, ҳам бебаҳо миллий қадриятларимиз меъёрларига амал қилган бўлади.

Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий -маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*

code