Ёшларимизни интернетдаги фитналардан қандай асраймиз?
33

Бугунги глобаллашув даврида интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. У орқали илм олиш, дунё янгиликларидан хабардор бўлиш, мулоқот қилиш имкониятлари кенгайди. Бироқ интернетнинг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда, ундан ғаразли мақсадларда фойдаланувчи кучлар ҳам мавжуд. Айниқса, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ёшларни турли ноқонуний ва экстремистик оқимлар домига тортаётган гуруҳлар сонининг ортиб бориши жиддий хавотир уйғотмоқда.
Афсуски, айрим ёшлар билиб-билмай бундай саҳифа ва гуруҳларга қўшилиб қолмоқда. Бу эса уларнинг онги, дунёқараши ва келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, интернетдаги бундай фитна ва хатолардан омон қолиш учун ҳар бир инсон, айниқса ёшлар муайян қоидаларга амал қилиши зарур.
Аввало, ҳар бир мўмин киши Аллоҳ таолонинг доимий кузатуви остида эканини, У зот ҳар бир қилган амали ва айтган сўзидан воқиф эканини чуқур ҳис қилиб яшаши лозим. Бу ҳис инсонни ҳар қандай ёмон йўлдан тийиб турадиган энг кучли маънавий қалқондир.
Иккинчидан, интернетдан фойдаланишда вақт ва мақсад масаласига жиддий эътибор бериш керак. Интернетга муайян вақтда, аниқ вазифа ва мақсад билан кириш инсонни бекорчи, зарарли ва шубҳали саҳифалардан сақлайди.
Учинчидан, ўқиётган, эшитаётган ёки тарқатаётган маълумотлар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш жуда муҳим. Чунки интернет шундай маконки, унда ҳар ким сохта исм остида истаган гапини ёзиши мумкин. Ҳар бир маълумот манбаси текширилиб, ишончли эканига ишонч ҳосил қилинганидан кейингина қабул қилиниши лозим.
Тўртинчидан, ҳар қандай хабар ёки воқеани эшитган заҳоти уни тарқатишга ошиқмаслик, балки чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш талаб этилади. Бу борада Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида келтирилган огоҳлантиришлар алоҳида аҳамиятга эга. Унда ҳар эшитган гапни текширмасдан тарқатиш мусулмонлар орасида фитна, ихтилоф ва заифликка сабаб бўлиши таъкидланади.
Бугун экстремистик ва террористик ғояларни тарғиб қилувчи интернет саҳифаларини фарқлай олиш ҳам жуда муҳим. Бундай саҳифалар, одатда, ўзларини ягона ҳақ йўлда юрувчилар деб кўрсатиб, ўзларига қўшилмаганларни кофирга чиқаришади. Улар бошқа дин вакилларини душман сифатида талқин қилишади, “ҳижрат” ва “жиҳод” тушунчаларини бузиб, зўравонлик ғояларини илгари суришади. Шунингдек, ҳақиқий уламоларни ҳақоратлаб, жамият ва давлатга нисбатан норозилик кайфиятини кучайтиришга уринишади.
Бундан ташқари, интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ҳолатлари ҳам тобора кўпаймоқда. Айрим фирибгарлар турли баҳоналар билан содда инсонларнинг ишончига кириб, улардан пул талаб қилишади. Пул жўнатилгандан сўнг эса дом-дараксиз ғойиб бўлишади. Бу каби ҳолатлар ҳам интернетдан онгли ва эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарурлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, интернет имкониятларини инкор этиб бўлмайди. Аммо ундан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Ёшларимизнинг руҳий-маънавий оламини зарарли ғоялардан асраш орқалигина соғлом жамият ва мустаҳкам келажак пойдеворини барпо этиш мумкин.
Азамат Усмонов
