Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлиди шарифларини нишонлаш

13

Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлиди шарифларини (таваллуд кун ва ойларини) нишонлаш масаласини ҳам, илмни даъво қилаётган бидъатчилар насронийларнинг Исо (алайҳиссалом) масиҳ таваллудини байрам қилишга тенглаштириб, уни ҳаром деб эътиқод қиладилар. Албатта, бундай дейишлик, динга нисбатан ҳужжатсиз журъат билан гапиришдир. Бундай бидъатчиларнинг дин борасидаги турли далилсиз бўҳтонлари жуда кўп ҳисобланади, мавлид борасидаги гап ҳам шулар қаторидадир.

Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мавлид амалидаги гўзал мақсад” номли рисоласининг аввалида шундай деганлар: “Робиъул аввал ойида мавлидун Набийни нишонлаш ҳақида савол тушди, “унинг шариъатдаги ҳукми нима, у иш мақталганми ёки қораланганми, уни бажарувчи кишига савоб бериладими ёки йўқми?”, деган маънода. Менинг жавобим эса қуйидагичадир: Мавлид ишининг асли одамлар тўпланиб, Қуръондан муяссар бўлганларича тиловат қилишлари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг илк даврлари ва таваллуд вақтларидаги оят-мўъжизалар ҳақида келган хабарларни ривоят қилиш сўнгра, дастурхон тузалиб таом узатилиб, йиғилганлар бундан кейин ортиқча иш қилмай тарқаб кетишларидир. Албатта, бу ишлар бидъати ҳасана бўлиб, буларни қилган киши савобга эга бўлади. Чунки бунда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қадрларини улуғлаш, муборак таваллудларидан шодлик ва сурурликни намаён қилиш бордир”.

Суютиий сўзларида давом этиб шундай дейдилар: “Шайхул ислом, ўз замонининг олими Абулфазл Ибн Ҳажардан мавлид ҳақида сўрашганида шундай жавоб бердилар: Аслида мавлидни нишонлаш аввалги уч асрда жорий бўлмаган ва бу ҳақда салаф солиҳлардан нақл қилинмаган янги пайдо бўлган ишдир. Лекин у шундай бўлиши билан бирга кўп яхшиликларни ҳам ўз ичига олади, ким анашу яхши ишларни амалга оширса, исрофдан сақланса, бидъати ҳасана бўлибди”.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтадилар, менга бу ишнинг асли намаён бўлишича, икки саҳиҳ китоб (Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг ҳадис тўпламлари)да келишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага келганларида яҳудийларни Ашуро куни рўзасини тутаётган ҳолда топдилар. Улардан бунинг сабабини сўраганларида: бу кун Аллоҳ Фиръавнни ғарқ қилиб, Мусога нажот берган кун, шунинг учун Аллоҳга шукрона тарзида Ашуро рўзасини тутамиз, дейишди. Демак, муайян бир кун билан неъматлантиргани учун Аллоҳга шукр қилиш амали, неъматни бардавом бўлиши ва азобни даф қилиш учун амалга оширилар экан. Бундай кун эса ҳар йили такрорланади. Аллоҳга шукр қилиш турли хил ибодатлар орқали ҳосил бўлади. Масалан: сажда қилиш, рўза тутиш, садақа қилиш ва Қуръон тиловати қилиш кабилар. Энди сиз бир ўйлаб кўрингчи, қайси неъмат раҳмат набийси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг дунёга келган кунлариданда буюкроқ бўлиши мумкин!. Бу кунда қилинадиган ишларга келсак, уларни Аллоҳ таолога шукрни ифода этадиган, Қуръон тиловати, таом бериш, садақа қилиш ва набавий сийратлар ҳамда саловотлар айтиш орқали амалга ошириб, бу ишлар яхшиликга ва охиратни эслатишга олиб борадиган ишлар бўлади. Қолган бунинг ортидан келиб чиққан нашида эшитиш ваҳоказо амаллар агар мавлид кунини ҳурсандлик билан ўтқазишни тақазо қиладиган бўлса, мубоҳ амал бўлиб, ундай ишларни қўшишни зарари йўқ, агар ҳаром ёки макруҳ ишлар бўлса, улардан ман этилади. Масалан: мавлид байрамида ортиқча исроф ва хўжакўриснга қилинган зиёфат ва Аллоҳ ман этган ичимликлар билан нишонлаш кабилар.

Имом Суютий аятидалар: менга аён бўлишича, мавлидни ношонлаш аслида бошқа ривоят орқали келиб чиққан. Имом Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик келгач ўзларига ақиқа қилдилар, дейилган. Бошқа ривоятларда таваллудларининг еттинчи кунида боболари Абдулмутталиб ақиқа қилган дейилган. Ақиқа эса, икки бор такрорланмайди. Демак, бу ривоятларни жамлаб шуни айтишимиз мумкинки, Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари қилган ақиқа Аллоҳ таоло у зотни оламларга раҳмат қилиб, умматларига шариъатни ўргатувчи қилиб юборгани учун шукрона эди. Шундай экан, биз умматлар учун у зотнинг таваллудларини шукрини ўзаро тўпланиб, таом тарқатиб ва бошқа гўзал ишларни қилиш орқали изҳор қилишимиз маҳбуб бўлади.

Инсон бирор бошқа инсонни яхши кўрса, уни уни таваллад куни қандай кунни белгилаб эслаб туради ва баъзан ўзгаларга шодлигини ифода этиш учун зиёфатлар ҳам бериши мумкин. ота-онасидан ҳам суюкли бўлган, қиёмат даштида уммати жаннатга кирмаса кирмаслигини Аллоҳга шафоат сўраб турадиган шафоатчимиз бўлган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллаудларини нишонлашга келганда турли сўзларни гапиришликни қайси ақллик инсонга тўғри келади, бундай бўлмағур сўзларни фитначидан ёки ўзини “олим” деб даъво қилувчидан бошқа ҳеч ким айтмаса керак. Аллоҳ таоло барчамизни Ҳабибимиз Расули акрам алайҳиссаломнинг шафоатларини насиб этсин!!.

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Саидмуҳаммадхон Довудхон ўғли