ЕТИМЛАРГА РАҲМ ҚИЛИШ (2-ҚИСМ)

7

"Tiled dome of a mosque in Samarkand, UzbekistanMore images of same photographer in lightbox:"

Етимларга ёрдам бериш савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечақ таълим ва тарбия бериш ўзига тўқдорнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга акд кўзи билан бир назар солсак, бас.

Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини саклаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди.

Бу ҳакда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинди. Ва ул зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон хуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар.

Ислом татбиқ этган бу ҳуқуқларни, жумладан, асирларга яхши муомала қилиш, уларни бирор езгулик билан таъминлашни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти яқиндагина эълон қилди. Бундан юз ёки минг йил аввал эмас. Шунинг ўзиёқ Аллоҳнинг дини нима асосига қурилганлигига етарли далилдир.

Мусулмонлар бировга яхшилик қилганларида риё учун, миннат учун эмас, балки савоб умидида, киёмат куни яхши ҳолатларга эришиш умидида киладилар. Ушбу хислатлар қуйидаги оятларда ҳам ифода этилади.

«Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз».

Демак, чин мўмин иккинчи бир биродарига яхшилик ёки ёрдам қилганида фийсабилиллаҳ, яъни Аллоҳ йўлида қилмоғи лозим экан. Қилган яхшилиги эвазига тама талаб қилиш, парвардигор ғазабини келтирадиган ва у бандани мунофиққа айлантирадиган амаллардандир.

«Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқурмиз», дерлар».

Демак, мусулмонлар муҳтожларга таом беришларининг икки боиси бор.

Биринчиси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигини топиш.

Иккинчиси, халойиқ учун қўрқинчли ва шиддатли бўлган узоқ кун, яъни ўтиши қийин бўлган қиёмат кунида Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан қўрққанлари сабаблидир.

Аллоҳ таоло:

«Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли Зотдир», деган (“Бақара” сураси, 220-оят).

Бу ояти каримада боқувчисиз қолган етим ҳақида гап кетмоқда:

«Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб. Ва жавобдан маълум бўладики, савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экан. Чунки оятда:

«Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.

Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри-барака бор.

Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муқим омилларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган.

Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, “Анъом” сурасида: «Етимларнинг молига яқин келманг…»; дейилган бўлса, бошқа бир сурада: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емадилар ва тезда дўзахга кирадилар», дейилган.

«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади».

Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.

Тушунтириш учун айтиш керакки, етим – отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти.

Ўша молларни етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўз молига, еб юбормаслик шарти билан, аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти.

Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, бўлмаса,

«Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди».

Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.

«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз».

Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У ҳикмат эгаси, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.

 

Аҳрор АБДУШУКУРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси