Мўминнинг иши қизиқ, унга ҳар бир ишида ажрга эга бўлиш имкони бисёр. Неъматга шукур қилиш билан ёки мусибатга сабр қилиш билан ҳам буюк ажрга эга бўлиши мумкин. Шундай ишлардан бири ота-онанинг фарзанди орқали етган мусибатидир. Ота-оналар ўзларининг беморликларига сабр қилиш тугул фарзандларига етган мусибат учун ҳам ажр оладилар. Бу билан ота-онанинг гуноҳи кечирилиб, хатолари ўчирилади. Бу ҳақда Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Бир мусулмонга ғам-ташвиш, ҳасталик, қийинчилик, азият ҳатто санчилган тикон кирса ҳам Аллоҳ таоло шулар туфайли хатоларига каффорот қилади”. Имом Муслим ривояти.

Демак, фарзандларнинг бемор бўлиши ҳам унинг ота-онаси учун бир синов бўлиб, уларга сабр қилиш ва Аллоҳнинг қазои-қадарига рози бўлиш ила ажрга эришар эканлар.

Ёш гўдаклар ила катталарни синашнинг нима ҳикмати бор дейилса, ҳикмати шуки, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўта ҳакийм Зот Олий ва Буюк бўлган Зот ўз бандаларини шодлик ва ҳафалик, ёмонлик ва яхшиликлар билан синайдики, уларни сабри ва шукрини имтиҳон қилиш учун. Гарчи ёш гўдакларда гуноҳ бўлмасада, Аллоҳ таоло Ўзининг олий ҳикмати ила истаган нарсаси билан бандларни имтиҳон қилади. Шулардан бири гўдакнинг ота-онаси ва яқинларини синаши ва уларни шукри қай даражада эканини билишидир. Шу билан бирга инсонларга Аллоҳ таоло ҳакийм ва ҳалийм Зот бандаларини истаганча синаши мумкин эканини маълум қилишдир. Ҳеч бир ишида унга монеъ нарса йўқлигини ҳам коръсатиб қўйишдир. Аллоҳ таоло ўз махлуқотларини истаганча имтиҳон қилишга қодир Зотлиги, бу ишда ҳеч бир киши маломат қилишга заррача ҳаққи йўқлиги, акс ҳолда буюк иқобатга қолиши бордир.

Шу билан бирга Меҳрибон Аллоҳ таоло бу синовларнининг самарасини ажрсиз қолдирмайди албатта. Мусулмон бандага етган ҳар қнадай машаққат хоҳ катта бўлсин ёки кичик, ҳар бирига қилинган сабрнинг қадрича ажр бериши ҳам бор эканини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Бу синовлар аслида банданинг даражасини ошириш экани, шу ила Аллоҳнинг ҳузурида мартабаси олий бўлишини ҳеч бир мусулмон ёддан чиқармаслиги лозим.

Мусулмон банда бошига етган мусибатлардан айниқса, фарзандига етган оғир беморлик ва бошқа нарсалардан жазавага келмаслиги зарур. Тўғри, гапириш осон, аммо бу Аллоҳнинг қадари ва имтиҳони, қадарга рози бўлиш ҳақиқий мўминлик аломати. Жазавага келиш эса, қадарга норозиликка олиб келиши мумкин. Шу билан Аллоҳнинг ҳузурида олий мартабага эришиш имконини қўлдан бой бериш бўлиб қолади. Бундай синовларга чиройли сабр қилиш ва Аллоҳ таоло мени даражамни оширишни истамоқда экан, деб шодланишимиз керак аслида. Сабр иймонни камолатга олиб чиқса, сабрсизлик эса, иймонниг нурини сустлашишига олиб келади. Аллоҳ таоло барчамизни олий даражаларга муносиб бўлган комил мўминлардан бўлишимизни насиб этсин. Омин!

 

 Саидмуҳаммадхон МУҲИБУЛЛАЕВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси