БИР БЎЛАК ШИРИНЛИК

13

Нафақадаги фелдшерларнинг биридан касалхонада ишлаган пайтлари кўрган энг ғаройиб ҳодиса ҳақида сўрашибди. Шунда у киши сўзлаб берибди:

“Кунларнинг бирида касалхонага кекса ёшли бир киши келди. Касалхонада турган вақтида ҳар куни бир йигит уни зиёрат қиларди. У билан икки соатга яқин бирга ўтирар, ўз қўллари билан овқатлантириб, кийимларини алмаштирар, у билан худди ёш боладек ҳазиллашиб-ўйнашар эди. Баъзида чолни касалхона боғига олиб борарди. Хуллас, бу йигитнинг отасига қилаётган яхшиликлари мени жуда таъсирлантирди.

Ҳаста чолга дори берадиган кунларимнинг бирида унга дедим: “Амаки, сизга жуда ҳавасим келди, мана шундай меҳрибон болангиз бор! Тўғриси, унга ўхшаганлар бу дунёда аллақачон тугаб кетган, деб ўйлардим!” Шунда қария: “Қани эди у ростдан ҳам ўғлим бўлса!” деб қолди…

Ҳайратдан лол қолдим. “Шунча нарса қилади-ю, ўғлингиз эмасми?! Ким унда?” дедим. Чол деди: “Бу бир етим бола. Маҳалламизда яшарди. Отаси ўлганидан кейин бир куни масжид эшиги олдида йиғлаб ўтирганини кўриб қолдим. Унга тасалли бериб, бошини силаб қўйдим. Ҳар куни унга бир дона конфет берардим. Уни ширинликни хурсанд бўлиб олар ва менга раҳмат айтарди. Бир йилдан сўнг яқинлари уни маҳалламиздан олиб кетишди. Лекин у ҳар гал масжидимизга келиб, мен билан сўрашиб кетарди. Мана энди катта йигит бўлиб, муҳандислик қилмоқда. Касаллигимни билганидан буён, кўриб турганингдек, ҳар куни мени кўргани келади. Ундан “Нега бунча ўзингни қийнаяпсан?” деб сўраган эдим, менга кулиб қарадида, “Эй амаки, ҳалиги конфетларнинг таъми ҳалиям оғзимдан кетгани йўқ!” деди.”

Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Яхшилик қилавер, қаерга борса бораверсин. Агар муносиб одамларга борса, демак улар шунга лойиқ. Агар номуносиб жойга борса, демак сен бу яхшиликка лойиқсан!”

Яхшиликлар ҳеч қачон зое бўлмайди. Одамлар ҳузурида зое бўлса ҳам, Аллоҳнинг ҳузурида йўқолиб кетмайди. Ишончим комилки, яхшилик қилувчи одам уни фақат Аллоҳнинг юзи учун қилади, одамлардан мукофот кутмайди. Лекин инсон вафодор бўлиб, ўзига қилинган яхшиликни унутиб юбормаслиги нақадар гўзал! Зеро бу анбиёларнинг ахлоқидир!

Бадр ғазотида Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу мажбурликдан Қурайш сафида жангга келиб, асирликка тушди. Унинг кийимлари йиртилиб кетган эди. Аббос жудаям баҳайбат одам бўлиб, гавдасидан мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ўғли Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга ўхшаб кетарди. Шу сабаб Абдуллоҳ Аббосга бир кийим беради. Ушбу яхшиликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эслаб қоладилар. Шундай қилиб, Абдуллоҳнинг отаси ва мунофиқлар саркардаси Абдуллоҳ ибн Убай ўлганида, Абдуллоҳга отасини кафанлаши учун Набий алайҳиссалом ўз кийимларидан бирини берадилар. Бадр кунидаги яхшилигига жавоб ўлароқ бу ишдан бош тортмайдилар!

Пайғамбар алайҳиссаломни тоифликлар тошбўрон қилган чоғда, Қурайш у зотнинг Маккага қайтишларига рухсат бермагани ҳақидаги гап-сўзлар у зотга етиб келди. Шунда у зот алайҳиссаломни Мутъим ибн Адий ўз ҳимоясига олди. Мутъим у зотни Маккага киритиб, мушриклардан ҳимоя қилиб турди. Вақт ўтиб, Бадр жангги бўлгач, мушрик асирлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб келинди. Шунда у зот мукаммал вафо намунасини кўрсатиб бундай дедилар: “Агар Мутъим ибн Адий ҳали ҳам тирик бўлиб, мендан манави асирларни кечиришимни сўраганида, у учун буларни озод қилиб юборардим!”

Одамлар оғзига конфетлар солинг ва унутиб юборинг. Лекин, қачондир оғзингизга бир дона конфет солган қўлни унутиб юборманг. Зеро, яхшиликни еслаб қолиш анбиёларнинг хислатларидандир!

Адҳам Шарқовий, «Буюк хабар»

Араб тилидан Сардор САИДАҲМЕДОВ таржимаси