СЕҲРНИНГ ҲУКМИ (давоми)
9

Хулоса шуки, оят (Бақара 101-103 ) сеҳрнинг куфр, сеҳргарнинг эса кофир эканига далил бўлади. Бу эса сеҳргар ўз ишида Аллоҳга кофир бўлиш ва жин-шайтонларга ва юлдузларга сиғинишга суянадиган ҳақиқий сеҳрга тааллуқлидир. Сеҳргар жин-шайтонга қиладиган куфр ва ширк амалида нақадар зиёдалашса, жин-шайтон ҳам унга шу қадар кўпроқ хизмат қилади.
Ҳофиз Ҳакамий “Ал-маориж”да айтади:
Маълум бўлганидек, сеҳр фақат Аллоҳга кофир бўлиш билан биргаликда амалга оширилади. Бу эса оятнинг нозил бўлиши сабабидан маълум бўлмоқда.
Имом Нававий айтади:
Сеҳр қилиш ҳаромдир, у билиттифоқ кабира гуноҳлардан саналади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни етти ҳалок қилувчилар қаторида зикр қилганлар. Унинг баъзи тури куфр бўлади, баъзи тури куфр бўлмайди, балки катта маъсият бўлади. Агар унинг ичида куфрни тақозо қилувчи сўз ё феъл бўлса, у куфр бўлади, йўқса куфр бўлмайди.
Имом Қуртубий айтади:
(Ушбу) ҳунар аҳллари айтишларича, сеҳр фақат куфр, ширк ё шайтонга таъзим қилиш билангина амалга ошади. Демак, бу тақдирда сеҳр куфрга далолат қилади.
“Тайсирул-азизил-ҳамид фий шарҳи китабит-тавҳид” соҳиби айтади:
Сеҳр ширк турларидан бўлиб, ширксиз амалга ошмагани учун ҳам мусанниф ундан огоҳлантириш мақсадида бошқа ширк турлари қаторида уни “Тавҳид китоби”га киритди.
Ибн Обидийн айтади:
Асҳоблардан нақл қилинган, сеҳргарнинг кофирлиги ҳақидаги гапнинг асли-асоси, сеҳр фақат куфр бўлган нарсалар орқали амалга ошгани учун бўлса керак. Буни Аллоҳ таолонинг мана бу сўзи ҳам ифодалайди: “Ҳолбуки, у фаришталар: “Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб)кофир бўлиб қолма”, демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар” (Бақара: 102).
Мазкур хабарлардан ва маълумотлардан огоҳ бўлиб сеҳр ишидан четда бўлишлик талаб қилинади. Аллоҳ бизга раҳмдил зот бўлганлиги учун нафақат дунёмизни балки охиратимизни ҳам ғамини еганлиги учун бизни ёмон иллатлардан ўзи асрамоқда. Бундай неъматдан фойдаланиб қолишлик ақлли ва доно кишиларни қўлидан келади. Аллоҳ барчамизни ҳидоятидан ва раҳматидан дариғ тутмасин.
Абдуғани БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассаси
Тафсир фани ўқитувчиси
