Одоб – ёшлар таянчи
21

Ёшлар барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, — деб марҳамат қилганлар (имом Муслим ривояти).
Киши ўғил-қизини кичик ёшдан тарбиялаб, одоб бермоғи керак. Маълум ёшга етгач, баъзи нарсаларни болага қабул қилдириш қийин бўлади. Оила раиси оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши керак бўлади. Заиф ва кичиклар айб қилиши мумкин. Шунинг учун уларни қўрқитишдан кўра кечириш яхшироқдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ قُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ وَأَهۡلِيكُمۡ نَارٗا وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُ عَلَيۡهَا مَلَٰٓئِكَةٌ غِلَاظٞ شِدَادٞ لَّا يَعۡصُونَ ٱللَّهَ مَآ أَمَرَهُمۡ وَيَفۡعَلُونَ مَا يُؤۡمَرُونَ
“Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз”[1].
عن ابن عمر رضي الله عنهما قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: «كلكم راع ومسؤول عن رعيته…» رواه البخاري
“Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизларким, ўзингизга қарашли бўлганлар учун катта масъулият бўйинларингизга юклангандир”[2].
Юқоридаги ҳадисдан ҳам билиб олсак бўладики, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ота-онани ўз фарзандлари учун масъул эканини очиқ айтмоқдалар.
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятига ва бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади.
Яхши хулқ ва одоб белгилари ўн хил бўлади:
– хайрли ишларда одамлар билан зиддиятга бормаслик.
– ҳис-туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик.
– ўзгаларнинг камчилигини қидирмаслик.
– бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушуниш.
– агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни авф этиш.
– муҳтожларга ёрдам кўрсатиш.
– кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш.
– ўз нуқсонларини кўра билиш.
– одоб-ахлоқли бўлиш.
– хушмуомалали бўлиш.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Қазо ва ҳукмимга ишонган, Куръоннинг ҳукмига бўйсунган, берган ризқимга қаноат қилган, Менинг розилигим йўлида шаҳвоний истакларини тарк этган ёш мўмин (Менинг наздимда) малаклар (фаришталар) даражасидадир”, — деган.
Бу ҳадиси қудсийдан қуйидагича сабоқ олишимиз мумкин:
Шаҳват — нафснинг керагидан ортиқ истаги, озига қаноат қилмаслик, кўпига тўймасликдир. Ёшлигида куч қуввати ўзида, соғлом бўла туриб, ўзини Аллоҳга таслим этган, Исломга кириб, тўла-тўкис амал қилган ёш йигит Аллоҳ томонидан малаклар даражасида васф этилмоқда. Чунки фаришталар Аллоҳга оғишмай, бенуқсон ибодат қилувчилардир; нафсоний, шаҳвоний истаклар уларда йўқ. Аллоҳ васф этган ёш мўмин оддий фаришталардан зиёдадир. Чунки унда нафс бор. Нафсига қарши курашиб, машаққатлар чекиб, нафсоний ва шаҳвоний истакларни Аллоҳ ризоси йўлида тарк этади. Фаришталарда шаҳвоний истаклар бўлмагани сабабли ёш мўмин чеккан машаққатлари уларда бўлмайди. «Малаклар»дан мурод эса оддий фаришталар эмас, балки мақоми баланд, юксак мартабага эга бўлган фаришталардир. Демак, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда васф этган ёш мўминнинг мақоми юксак мартабали фаришталарга тенгдир.
Одоб, чиройли хулқ ёшлар, фарзандларимиз камоли сари қўйилган илк қадам ҳисобланар экан. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар.
Ислом шариати ва Ислом тарбияси ота-оналар зиммасига фарзандлари учун бир қанча вазифалар юклатиш билан бирга уларнинг ҳам фарзандлари зиммасида бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони каримда, суннати набавияда ва Ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган.
Хуллас, фарзандлар камоли ва тарбиясида ота-она нечоғли бурчли бўлса, фарзандлар ҳам ота-оналарини ҳурмат қилиш, уларга меҳр-шафқат кўрсатиш, яхши муомалада бўлиш, уларга итоат қилишга бурчлидирлар.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Қодиров Омон
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолари таржимаси. “Шарқ” нашриёти. 2007. “Таҳрим” сураси 6-оят.
[2] Суютий “Жомиъ ал-кабир”
