Фирқаланишнинг хатарли жиҳатлари
20

Аллоҳ таоло инсонларни бирга жамоа-жамоа бўлган ҳолда яшашга мос қилиб яратди. Мақсад улар бир-бирлари билан хайрли ва эзгу ишларда ҳамкорлик қилишлари учундир. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида шундай баён қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا
яъни: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ояти каримада башариятни бир ота ва бир онадан яратилгани, уларни турли миллат ва элатларга бўлингани илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинган, фитрий иш эканига ишора қилинмоқда. Бундан кўзланган энг катта мақсад: инсонлар бир-бирлари билан танишиб, маърифат ҳосил қилишдир.
Фирқаларга бўлиниш жуда кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Уларни қуйида далиллар билан бирма-бир баён қиламиз.
Фирқаланиш мумкин эмас! Чунки фирқаларга бўлиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган қабиҳ иш саналади. Ўзини чин уммат сановчи ҳар бир киши бу ишни қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан огоҳлантирганлар.
قال النبي صلى الله عليه وسلم: «إياكم والفُرقة» رواه الترمذي
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фиқаланишдан эҳтиёт бўлинглар!», деганлар. (Термизий ривоят қилган).
Фирқаланиш кулфат келтиради. Фирқаланиш ҳеч бир замонда бирор кишига фойда келтирган эмас. Унинг ортидан фақат азоб келган.
عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: «الجماعة رحمة، والفُرقة عذاب». رواه أحمد والطبراني والبيهقي
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат раҳмат, фиқаланиш азобдир», дедилар.
Фирқаланиш ортидан одамлар устига келган қанчадан-қанча бало-офатлар, азобу мусибатлар, турли хил кулфатлар яқин ва узоқ тарих саҳифаларига қонли ҳарфлар билан ёзилгани барчага маълум.
Эътиқоди мустаҳкам мусулмон суннат ва жамоатни маҳкам ушлаб, унга қатъий амал қилади. Тарафкашликдан эҳтиёт бўлади. Тарафкашликни эса асосан, эътиқоди суст ёки эътиқоди бузуқ одам қилади.
Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур «Ақидатут Таҳовия» китобида шундай дейди:
وقال الطحاوي رحمة الله عليه: ونتّبعُ السنَّةَ والجماعةَ، ونجتنبُ الشذوذَ والخِلاف والفرقة
«Суннат ва жамоатга эргашамиз. Ажралиш, хилоф қилиш ва фирқаланишдан тийиламиз».
Дарҳақиқат, мусулмонлар мана шу ақидага оғишмай амал қилган вақтларда барака-хайрда, фаровонликда, тинч яшадилар. Қачонки, ихтилоф, ўзаро келишмовчилик, фирқаларга бўлиниш ва эътиқоднинг бузилиши бошланди, уммат орасида турли балолар келди.
Динимиз ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири
