ДИННИ НИҚОБ ҚИЛИБ ОЛГАНЛАРГА РАДДИЯ

21

Сўнги вақтларда жонажон юртимиз – Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам киши кўнглини шодликка тўлдирадиган бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Буни ҳар бир онгли, инсофли ва диёнатли киши билиб,  унга ўз кўзи билан гувоҳ бўлиб турибди. Мисол учун Ёт диний оқим ва ғоялар таъсирига тушиб қолиб, айни вақтда жазосини ўтаб турган кўп сонли маҳбуслар муддатидан олдин жазодан озод этилди. Аждодларимиз томонидан қолдирилган бой илмий-маданий меросни ўрганиш, уни халқимизга хусусан ёш авлодга етказиш  бўйича Ресбупликамизнинг турли вилоятларида ақида, ҳадис ва тасаввуф мактаблари ташкил этилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Лекин юртимизда амалга оширилаётган ана шундай ўзгаришларни кўра олмаётган айрим қора ниятли кимсалар ва гуруҳлар томонидан турли иғво ва бўҳтонлар содир этилмоқда. Оддий халқни давлатга қарши қайрашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса бу борада ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уларга жуда қўл келмоқда.

Дин ниқоби остида ёшларнинг онгини заҳарлаб, уларни юртга хиёнат қилишга, ватандан ҳижрат қилиб чиқиб кетишга ва ўзларидан “мужоҳид” ясаб олган Суриядаги жангари тўдаларга келиб қўшилишларига қаратилган тарғиботлар ҳали ҳам тўхтагани йўқ.

Уларнинг маърузаларида Сурия давлатида содир бўлган жанглар ҳақиқий исломий жиҳод ҳисобланиши, ва халқнинг давлат раҳбарига қарши чиқишига сабаб давлат раҳбарининг халққа ўтказган жабру зулмлари эканини айтилган.

Ушбу давлатда араб баҳори номини олган тўс-тўполонлар бошланган кезлари таниқли олим ва воиз марҳум Рамазон Бутий ҳазратлари халқни давлатга қарши чиқишдан қайтариш пайидан бўлган эди. Лекин улар у кишининг панд-насиҳатларини қулоққа олмадилар. Натижада озод ва обод юрт вайрона диёрга айланди.

Эҳтимол кимдир халқнинг қилган иши тўғри. Чунки улар зулмга қарши бош кўтарган. Бу борада уларни айблаб бўлмайди деган фикрдадир. Лекин ислом барча замон ва маконларга мос келувчи дин ҳисобланади. Жумладан ушбу воқеълик юзасидан исломнинг ечими қандай бўлиши кераклиги барчага бир хилда қизиқ бўлса керак. Бошқача қилиб айтганда давлат раҳбарига қарши бош кўтариш ислом дини бўйича қандай баҳоланади. Шу ўринда ана шу масала борасида бироз тўхталсак.

Рамазон Бутий томонидан ёзилган “Исломда жиҳод: уни қандай тушунамиз ва унга қандай амал қиламиз?” номли китобда ҳокимга (давлат раҳбарига) қарши чиқиш бобида қуйидаги маълумотлар келтирилган.

“…мусулмонлар ижмосига кўра, ҳокимларга қарши чиқиб улар билан уруш қилиш гарчи ҳокимлар фосиқ ва золим бўлсалар ҳам ҳаромдир. Бу маънони кўпгина ҳадис шарифларда кўриш мумкин. Аҳли сунна уламолари султон фосиқлиги сабабли мансабидан четлаштирилмаслигига иттифоқ қилганлар. Уламоларнинг айтишича, султоннинг четлаштирилмаслиги ва унга қарши чиқиш мумкин эмаслигига сабаб шу ишлардан келиб чиқадиган фитна, қон тўкилиши ва нотинчлик ҳисобланади. Чунончи, султонни мансабидан четлатиш ортидан келиб чиқадиган зарар унинг мансабда қолиб етказадиган зараридан кўпроқдир.”

Демак, давлат раҳбарининг халққа ўтказган зулми унга қарши чиқишга асос бўлолмас экан. Бундай ҳолатда зулмга сабр қилинади ва султоннинг ҳаққига инсоф сўраб дуо қилинади холос. Хуллас, султон золим бўлса ҳам унга итоат қилиш вожиблигича қолаверади.


Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими  бошлиғи