Ислом динининг комил инсон тарбиясидаги роли
21

Ислом дини баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий ва аҳлоқий юксакликка даъват этиш билан бир қаторда, уни ёвуз, қабиҳ амаллардан қайтариш хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради. Шу сабабли ҳам жамиятимизнинг миллий, диний-маърифий асосларини ташкил этган ислом ҳозирги маънавий-ахлоқий юксалишимизнинг манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало, инсонни энг азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Унинг маънавий камолотига ва ҳаётий манфатларига хизмат қилади. Инсонпарварлик руҳи устуворлиги ва адолат ғоялари ўзида мужассамлиги билан бутун жаҳонда Исломнинг таъсир доираси тобора кенгаймоқда.
Мисрлик олим Абдураззоқ Навфал “Қуръондаги ададий мўъжизалар” номли китобни ёзиб, электрон машиналарнинг сўзини тасдиқлади.
Тажриба учун тўрт киши — араб мусулмон, араб номусулмон, арабмас мусулмон ва арабмас номусулмонларни олиб, уларга Қуръон тиловатини эшиттириб, махсус электрон асбобларда руҳий таъсирланишларини синашса, бир хил чиқибди. Мўъжизани қаранг, Қуръонни, тушунадиган-у тушунмайдиган, унга эътиқод қиладиган-у эътиқод қилмайдиганлар барчаси бараварига таъсирланса!
Одамларнинг барчасига динлари, ирқлари, рангларидан қатъий назар инсоний мукаррамликни исбот этган пайтда ислом дини бундан ҳам юксакликка кўтарилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.
وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗا
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик.” (Исро сураси, 70-оят)
Ислом жамиятдаги ижтимоий бирликни дарахтга ўхшатдики, агар шамол эсса, тепада ёки пастдалигидан қатъи назар, барча шохлари қимирлайди.
Албатта, одамларнинг динларидаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришларига ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак. Балки эзгу ишларни қилишда, ёвузликка қарши курашда ўзаро ҳамкор бўлишлари лозим. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади.
ۘ وَتَعَاوَنُواْ عَلَى ٱلۡبِرِّ وَٱلتَّقۡوَىٰۖ وَلَا تَعَاوَنُواْ عَلَى ٱلۡإِثۡمِ وَٱلۡعُدۡوَٰنِۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.” (Моида сураси, 2-оят)
Одамлар динларида ихтилоф этсалар-да, бир-бирлари билан гўзал шаклда, одоб доирасида, ҳужжат ва қаноатлантириш билан мужодала этишлари мумкин:
وَلَا تُجَٰدِلُوٓاْ أَهۡلَ ٱلۡكِتَٰبِ إِلَّا بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُ إِلَّا ٱلَّذِينَ ظَلَمُواْ مِنۡهُمۡۖ
“(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар…” (Анкабут сураси, 46-оят)
Оятнинг далолат қилишига кўра, мўминларга кофирлар ва аҳли китоблар билан дин хусусида баҳс-мунозара қилиш жоиздир. Мунозара пайтида сабр-тоқат, бағрикенглик қилиш талаб этилади. Лекин улар Аллоҳга фарзанд нисбатини берсалар ёки Аллоҳга ботил сифатларни нисбат берсалар, уларга, албатта, тегишли раддия билан жавоб қилиш керак бўлади.
Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини бериб, хизмат қилдилар.
Хулоса қилганимизда, миллий ва диний қадриятларнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутиши, тарихий хотирамизни тиклаб, ўзлигимизни англашимиздаги роли, янги жамият қуришда муҳим куч-қудрат манбаидир.
Омон ҚОДИРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
