Калом илми тарихига назар

47

Калом – ислом илоҳиёти илми бўлиб, VIII асрда пайдо бўлган. Калом илмининг тарихи Аббосийлар, аниқроғи, ал-Маъмун давридан бошланади. Бу илм ислом дини таълимотларини асослашга ҳаракат қилади. Калом турли диний-сиёсий гуруҳлар пайдо бўлиши билан боғлик баҳслар жараёнида вужудга келди.
Аслида “калом” луғатда “сўз”, “ибора” ва “нутқ” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, ақидавий масалаларни чуқур ўрганувчи фан маъносида ишлатилади. Бошқача айтганда, калом илми тушунчаси исломий ақидани англатади. Исломий ақида эса, мусулмон кишини муайян нарсалар билан боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.
Имом Абу Хомид Ғаззолий шундай ёзади: “Калом бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақидасини аҳли бидъатнинг тажовузидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир”.
Уламолар томонидан калом илмининг турли номлар билан аталиши ҳақиқатдан ҳам бу илмнинг муайян тарихий босқичларни босиб ўтганлигини кўрсатадики, биз уни уч қисм қилиб белгиладик:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларидан ҳижрий биринчи юз йиллик (VII аср) охиригача.
Иккинчи ҳижрий (милодий VIII) аср бошидан ҳижрий учинчи (милодий IХ) аср бошигача.
Учинчи ҳижрий (милодий IХ) аср охиридан то бешинчи ҳижрий (милодий ХI) аср охиригача.
Исломнинг бошқа ҳудудларга ёйилиши билан у ёки бу тарзда янги диний эътиқодлар, маданиятлар ва одатларга дуч келинди. Исломнинг ёйилиши уни бошқа динлар билан тўқнашишга олиб келди. Бу ҳол, ўзи билан бирга янги масалалар, талабларни юзага чиқарди. Мусулмонлар янги сиёсий тизимга асосланган ўз ҳокимиятларни ёяр эканлар, турли одатлар ва анъаналарга эга халқлар билан мураккаб муносабатларга киришдилар. Уларнинг қаршисида исломга янги халқларнинг кириши натижасига юзага келган муаммолар кўндаланг бўла бошлади. Маданияти юксакроқ бўлган халқларнинг мантиқий саволларига қониқарли жавоб топиш, ўз динларининг бошқа динлардан афзаллигини кўрсатишда муқаддас китоблар билан кифояланибгина қолмай, шу билан бирга, мантиқий жиҳатдан исбот қилиш ҳаёт мамот масаласига айланди. Бу сўз ўз навбатида, янги ғоя ва йўлларнинг пайдо бўлишига олиб келиши равшан эди. Иккинчи томондан эса, ҳалифалик ичидаги сиёсий беқарорликни бартараф этиш, мусулмонларнинг турли фирқаларга бўлиниб кетишига йўл куймаслик зарурати уламоларни янги изланишларга мажбур қилди. Ушбу омиллар яҳудийлар, христианлар ва монийлар ўртасида қадимдан давом этиб келаётган мунозараларнинг энг оммавий тури бўлган “ҳужум – ҳимоя” кўринишидаги баҳс усулининг ислом уламолари доираларида расм бўлишига олиб келди. Исломда “калом” номи билан машҳур бўлган бундай баҳсларни олиб борувчиларга нисбатан “мутакаллимин” яъни “сўзловчилар” атамаси кўлланила бошланди.
Калом илми саҳобалар даврида мавжуд бўлмаган дейишга ҳам етарлича асос бор. Чунки саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломнинг муташобиҳ оятлар ва ихтилофли масалаларга батамом кириб кетишга оид тақиқларга тўлиқ амал қилганлар.
Гарчанд калом илмининг аломатлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин дарҳол кўзга кўринган бўлса-да, унинг фан сифатида шаклланиши, маълум маънода, ақлий (рационал) таълимотни ишлаб чиққан мўътазилийлар билан боғлиқ. Шариатни ҳимоя қилувчи мутакаллимларнинг асосий зарбалари уларга қаратилган эди. Чунки айнан мўътазилийлар, биринчи бўлиб, дин масалаларида, пайдо бўлган янги муаммоларни ҳал қилишда мантиққа суяниб иш кўрдилар.
Аллоҳ адолати қандай амалга ошади. Ёвузлик қаердан пайдо бўлган, қабилидаги саволлар олдин ҳеч кимни қизиқтирмаган бўлса, бу масала мўътазилийларнинг бош масаласига айланди.
Уларни Аббосий ҳалифалар қўллаб-қувватладилар. Бундан руҳланган мўътазилийлар дин асослари таҳлилига янада чуқурлашиб кетдилар. Бу эса мўътазилийларннинг жиддий баҳсларга сабаб бўлган яна бир таълимоти ирода ва илоҳий калом хусусида бўлди. Бу баҳснинг ташаббускори мўътазилийларнинг Абу Ҳузайл бошчилигидаги Басра мактаби эди. Улар Қуръони каримнинг яратилганлиги ғоясини ўртага ташладилар.
Ушбу илм доирасида ўрганиладиган масалаларга келсак, улар назарий, шаръий ва эътиқодий қисмларга бўлинади. Булар бирор-бир эътиқодий масалани исботлашга омил бўладиган, илми каломга хос маъноларни қамраган масалалардир.
Хулоса қилиб айтганда, калом илмининг асосий ғояси тил билан иймон келтиргач, унга дилдан ишонч ҳосил қилиб, икки дунё саодатига эришмоқдир.

Омон ҚОДИРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси