Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Анас ибн Молик ҳаётлари ҳақида: Анас ибн Молик анҳунинг оналари ва оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳозиру нозир эдилар. Шунга қарамасдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига тутдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ихлос ила хизмат қилдилар. У киши хизматни вазифа деб эмас, шараф деб билар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандоқ хизматлари бўлса, жону дил билан бажарар эдилар. Мана шу эътибордан у киши саҳобаи киромлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими лақабини олдилар.

У киши хизмат сабабидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дорулфунунларининг закий талабасига ҳам айланган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзларига алоҳида насиҳатлар ҳам қилиб турар эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй болам, агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар. Сўнгра яна:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга: «Эй болам!», деб мурожаат қилмоқдалар бу эса катта бахт ва алоҳида эътибордир.

Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб, 2286 та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринни эгалладилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Анас ибн Моликдан бошқа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор-бир кишини кўрмадим», деганлар.

Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан, вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилган экан.

 

Ҳадис шарҳи

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймоннинг устунларидандир. Бу муҳаббат Аллоҳга бўлган муҳаббатга чамбарчас боғлиқ бўлиб, банда уни ўз яқинлари, мол-дунёси, маскани ва бошқа барча нарсаларга бўлган севгисидан олдинга қўймоғи лозим. Йўқса у банда Аллоҳ таолонинг ушбу таҳдидига рўбарў бўлиши турган гап: «Айтинг: Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини (жазосини) келтургунча кутиб туринг!» (Тавба сураси, 24-оят)

Мўмин киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севгисини қолган барча нарсаларга бўлган севгисидан устун қўймас экан, комил мўмин бўла олмайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муҳаббати эса у кишини расул этиб юборган Зотнинг муҳаббатига тобеъдир.

Ҳақиқий муҳаббат маҳбубга эргашиш, унинг севганини севиб, ёмон кўрганини ёқтирмасликни тақозо этади. Демак, муҳаббат бу барча ҳолатларда маҳбубга мувофиқ бўлишдир. Агар севги чинакам бўлса, у албатта соҳибини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга, суннатларига амал қилишга ундайди.

Шунга биноан, киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни чиндан яхши кўришининг аломати бундай: Агар Расулнинг тоати билан бошқа маҳбуб нарсалардан бирига ундовчи нарса рўбарў бўлиб қолса, мўмин киши Расулнинг тоатини ихтиёр қилади. Агар ҳақиқатда Расулнинг тоатини биринчи ўринга қўйиб, у зотнинг буйруқларига мувоқиф иш қилса, бу унинг чин муҳаббатига далилдир. Бордию у зотнинг буйруқларидан чиқиб, табиатан маҳбуб бўлган нарсалардан бирини танласа, у банда зиммасига тушган мукаммал иймонни адо қилмаган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини қўллаб-қуватлаш, шариатларини ҳимоя қилиш, ҳаёт бўлишларини исташ, у зот учун молу жонни фидо қилиш ҳам у зотга бўлган муҳаббатдандир. Аммо бу муҳаббат дуруст бўлиши учун у зотнинг мартаба ва мақомларини отаю болалардан, суюкли ва улуғ инсонлардан олий ҳисоблаш лозим.

Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбар алайҳиссаломнинг «жавомеъул калим» хусусиятларидандир. Негаки бу саноқли сўзлар кўплаб маъноларни ўзида мужассам этган. Бинобарин, ҳақиқатда муҳаббат уч қисмга бўлинади:

  1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати. Отага бўлган муҳаббат бунга мисол бўлади.
  2. Раҳм-шафқат муҳаббати. Фарзандни севиш бунга мисол бўлади.
  3. Маъқуллаш ва яқин олиш муҳаббати. Бунга бошқа инсонларни яхши кўришни мисол қилиш мумкин.

Кўриниб турибдики, ҳадиси шариф муҳаббатнинг мазкур барча турларини қамраб олган. Аллоҳ таоло барчаларимизни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлиш бахтига муяссар қилсин!

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси