УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ ВОЖИБ!

13

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

Абдураҳмон Жомий.

“Муаллим” сўзининг маъноси “илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек,  яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабалари нақадар юксак эканига далолат қилади.

Устозлар – жамиятнинг маънавий устунлари, билим ва маърифат  тарқатувчилари. Улар инсонларнинг қалбларига нур сочиб, уларни  жаҳолат зулматидан олиб чиқадилар. Устозларга эҳтиром кўрсатиш,  уларнинг меҳнатини қадрлаш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади.

Ислом динида устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёсдир.   Муаллимлик, мураббийлик ва устозлик мартабаси буюк шарафдир.   Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муаллим қилиб юборилганлар ва уларнинг таълимлари бутун башариятга нур сочган. Қуръони каримда устозларнинг шаъни-шарафи ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер

аҳли ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиқгача одамларга  яхшиликни  таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).

Устозлар инсонларнинг маънавий оламини бойитиб, уларни тўғри йўлга йўллайдилар. Улар шогирдларини ўз фарзандларидек кўриб,  уларнинг келажаги учун туну кун меҳнат қиладилар. Устозлар шогирдларига нафақат билим, балки ҳаёт сабоқларини ҳам ўргатадилар. Шунинг учун ҳам устозларнинг ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир.

Ҳар бир инсон устозларига эҳтиром кўрсатиши, уларнинг  меҳнатини қадрлаши лозим. Устозларга эҳтиром кўрсатиш – бу  фақатгина уларга нисбатан ҳурмат эмас, балки ўзимизга, келажагимизга бўлган ҳурматдир. Устозларимизга нисбатан эҳтиром кўрсатиш орқали  биз уларнинг меҳнатини қадрлаймиз ва уларнинг дуоларини оламиз.

Устозларимизга раҳмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг меҳнатини  қадрлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Уларга нисбатан ҳурмат  кўрсатиш орқали биз ўзимизга, келажагимизга бўлган ҳурматни ҳам намоён этамиз.

 

Нилуфар БЕРДИЕВА

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси