СОХТА САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯ

13

Маълумки, Ислом уламолари ҳеч қайси илмга фиқҳ илмичалик катта эътибор қаратмаганлар. Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга фиқҳ илми ва истинбот ҳукм олиш йўлларини ўзлари ўргатар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг одамлар бир-бирларидан янги пайдо бўлган масалалар юзасидан Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос каби мужтаҳид саҳобалардан фатво сўрар эдилар. Улар аввало Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилар, агар мазкур манбалардан аниқ ечим топилмаса, қиёсга юзланиб, ижтиҳод қилар эдилар.

Ислом дини кенг тарқалиб, бошқа халқлар ҳам мусулмончиликни қабул қилгач, у ерларга муаллим сифатида саҳобалар юборилган. Жумладан, Куфа шаҳрига Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни юбордилар. Маълумки, Абдуллоҳ ибн Масъуд саҳобалар орасида илм жиҳатдан пешқадамлиги билан ажралиб турар эди. У киши ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматим учун Умму Абднинг ўғли рози бўлган нарсага мен ҳам рози бўлдим”, деганлари машҳурдир[1].

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ҳазрати Усмон даврлари охиригача Куфа аҳлига фиқҳ илмини ўргатадилар, ҳатто Куфа фақиҳ инсонларга тўлиб кетади. Али розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида Куфага келиб, у ердаги фақиҳ инсонларни кўриб хурсанд бўлганидан: “Аллоҳ Умму Абднинг ўғлини ўз раҳматига олсин! Ушбу диёрни фақиҳларга тўлдириб юборибди”, дедилар. Ундан сўнг Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврларида пойтахт ушбу шаҳарга кўчирилгандан сўнг Куфа шаҳри бошқа мусулмон диёрлари орасида муҳаддислар ва фақиҳлар кўплигидан мисли йўқ даражага етади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ва кўплаб бошқа саҳобийлардан қолган катта илмий меросни тўплаганлар орасида Ҳаммод ибн Абу Сулаймон ҳамда Иброҳим ибн Язид ан-Нахаийлар ҳам бор эди. Мазкур олимлардан илм олган Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эса уларни чуқур ўрганиб, саралаб, шогирдларига етказган.

Мазкур ҳолатдан ҳанафий мазҳаби олимлари ҳукм чиқаришда қиёс ва раъйга таянишни осмондан олмаганликлари, балки бу ишда ўзларидан олдин ўтган мусулмон умматининг энг сара олимлари, хусусан, саҳобаларга эргашганларини кўриш мумкин.

Имоми Аъзам ҳақларида у кишининг мазҳабида бўлмаган инсонлардан Муҳаммад ибн Исҳоқ ан-Надим шундай дейди: “Қуруқликда-ю денгиздаги, машриқда-ю мағрибдаги, узоқ-у яқиндаги барча илмлар у кишининг меросларидир”. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ эса: “Барча инсонлар фиқҳда Абу Ҳанифага аҳлдир”, дейди. Бу мужтаҳиднинг мужтаҳидга бўлган ҳурмати. Нақадар ибратомуз, нақадар гўзал сўзлар. Мадина шаҳри ваҳий нозил бўлган жой бўлганлиги учун баъзи тобеинлар саҳобаларнинг фиқҳ ва ҳадисга оид хабарларини йиғиш билан машғул бўлдилар. Натижада у ерда етти фақиҳ алоҳида ўз ўринларини топдилар. Барча саҳобалар улардан келиб фатво сўрар эдилар. Масалан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўз оталари чиқарган қозилик ҳукмларини Саид ибн Мусайябдан сўрар эди. Шу тартибда Мадинада фатволар ва ижтиҳодий масалалар тарқалди. Мадинада бир олимнинг мазҳаби – тутган йўлида юришлик афзал деб билдилар. Шу тарзда Мадинада моликий мазҳаби шаклланди. Қолган икки мазҳаб ҳам шундай тартибда юзага келди.

Мазҳаблар ва уларнинг шаклланиш тарихини чуқур, инсоф билан ўрганган киши мужтаҳид мазҳаббошилар Қуръон ва ҳадисдан алоҳида шариат яратмагани, балки одамларга осон бўлиши учун ушбу икки муқаддас манбадаги ҳукмларни бир йўлга тизиб, жойлаб берганликларини тушуниб етади.

Бемазҳаб, сохта салафийларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларини ташлаб бутун мусулмон жамоасига қарши чиқаётганликлари, забардаст Ислом уламолари ҳам мазҳаб тутганликларини унутиб, уларнинг йўлини тарк этганлари уларнинг ўзлари залолатда эканлигига далилдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг умматим залолатга жамлашмайди”, — деб марҳамат қилганлар. Ибн Можа, Табароний ва бошқалар ривояти.

Бурҳониддин ал-Марғилоний, Имом Таҳовий, Алоуддин Косоний, Қудурий, Сарахсий, Жувайний, Ғаззолий, Нававий ва бутун дунё уларнинг олимлигини эътироф қилган минглаб уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар. Ваҳоланки, улар “илм денгизлари” дея эътироф этилган зотлар бўлиб, бугунги кунимизгача барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар.

Машҳур олимлардан Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий ўзларининг “Иълоус-сунан” асарида қуйидагиларни айтади: “…Ҳақиқатни айтганда, динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақим ҳидоятдадирлар. Бир юртда улардан қай бирларининг мазҳаби тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди.

Хулоса ўрнида, бемазҳаблик бу ислом шариатига таҳдид солаётган энг хатарли бидъатдир. Бемазҳаб сохта салафийлар бутун Ислом уламолари тан олган тўрт мазҳаб асосчилари Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ, Имом Шофеий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Молик роҳимаҳумуллоҳларни илмсизликда айблаб, уларга нисбатан ҳар-хил нолойиқ сўзларни айтмоқдалар. Бундай разилликларни дин душманларидан бошқа яна ким ҳам қилиши мумкин.

 

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими  бошлиғи

 

[1] Зоҳид Кавсарий. Бемазҳаблик – динсизлик кўприги. –Қоҳира. Ал-мактаба ал-азҳария, 2006. З б.