Онамга 20 минг сўм!
20

Имтимоий тармоқни кузатиб туриб, бир видео ролик чиқиб қолди. Сарлавҳаси мени ажаблантирди. Видеороликка “Онамга 20 минг сўм” деб ёзилган эди. Видеороликни очишдан аввал, ҳаёлимга биринчи навбатда салбий ҳаёл келди, чунки аксарият ижтимоий тармоқларда фарзандлик бурчини адо этолмаган, ота-онасига “оқ” бўлган, уларни норозилигига сабаб бўлган видеороликлар жудаям кўп тарқалиб кетган эди. Аммо уни қизиқиб очиб кўрарканман, этим титраб кетди очиғи… Бир “мардикор” йигитнинг кунлик харажатларининг ҳисоб-китоби кўрсатилган варақасини тўсатдан ўқиб қолган уй соҳиби у йигитга нисбатан фикри мутлоқ ўзгариши ва уни рағбатлантиргани ифодалаб берилган. Воқеа шундай олинган…
Бир йигит уйидаги ишларига вақти етмаганлиги сабаб, “мардикор” бозорга бориб, кунлик ишлайдиган ишчилар ёнига боради. У ерда бир йигит 80 минг сўмга хоҳлаган ишингизни бажараман деб таклиф беради. Машина эшиги олдида келган 4-5 та ишчилардан шу йигитни мунгли қарашлари ва маъюс кўзлари ўзига тортади ва дилига 100 минг сўм беришни тугиб келган уй соҳиби у йигит билан тортишади ва 60 минг сўмга кўндиради. Йигит рози бўлади ва машинага ўтиради. Уйга келиб, ҳовли ишлари билан уй соҳиби таништиради ва ишни бошлаши учун кийимларини алмаштириб олишини айтади. Йигит кийимларини алмаштириб, ҳовлидаги ўтларни ўришни бошлайди. Уй соҳиби бир банка совуқ сувни олиб, йигитнинг кийимлари олдига, бетон устига қўяди ва ногоҳон “рюкзаги”дан чиқиб турган бир парча қоғозга кўзи тушади. Қоғозчадаги хуснихат ёзувининг чиройлигини кўриб, кўзлари қувнайди. Ёзилганларни кетма-кетликда ўқир экан уй соҳибининг кўзлари бир муддат қотиб қолади. Унда: онамга 20 минг сўм, синглимга 20 минг сўм, уй-рўзғор учун 20 минг сўм дейилган ва айнан уй-рўзғор учун 20 минг деган ёзув устидан чизиқ тортилган эди. Уй соҳибининг ҳаёли йигит билан пулни келишиб олаётган маҳал 20 минг сўмга арзонлаштиргани эсига тушади ва йигит ўша пайти келишилган пулга қараб бугунги ҳисобини олган деб ҳаёл қилади, унга нисбатан фикри ўзгаради. Йигит ҳовлига астойдил “жон бериб” ишлайди. Ишини тугаллаб бўлгач, уй соҳиби унга келишилган нархдан икки баробар зиёд пул беради ва бугун жудаям сифатли ва кўнгилдагидек ишларни бажардингиз, бу сизнинг меҳнат ҳаққингиз дейди. Шунда йигит пулни кўплигини кўриб, келишилган нархдаги пулни оламан дейди. Хижолатга қўйишни истамаган уй соҳиби эса бундан кейин уй ишларимга сизни чақираман, шунинг учун бу пулларни олишинигиз керак дейди. Йигит рози бўлади ва қўлларини дуога очади. Ростгўй, ҳалол йигитнинг қилган дуоларидан уй соҳибининг кўнгли равшан тортади ва йигит уй соҳибининг розилигини олиб, кўнгли шодланиб, ўз уйига равона бўлади.
Бугун пуллари кўп бўлган баъзи инсонлар учун ота-она, ака-ука, опа-сингиллар қадри йўқ бўлиб бормоқда. Уларнинг ижтимоий ҳолатидан ойлаб, хатто йиллаб хабар олмаган инсонлар билан бир ҳаводан нафас олиб яшамоқдамиз. Минг афсуски, бундай инсонлар сийлайи раҳмни эсдан чиқарган, дунё учун умрини сафарбар қилган, пул кетидан югуриб, ўзлигини унутган, Аллоҳ розилигини топмаган инсонлардир. Минг шукурки, юртимизни самовий, оразий офатларни узоқлаштириб турадиган видеороликдаги ҳалол йигитларнинг меҳрибонлиги, ростгўйлиги, сийлайи раҳмни суннатга мувофиқ амалини тўғри қилиб келаётган бундай йигитлар сабабидандир балки… Кунлиги базўр ўтса ҳам, рўзғорини иккинчи ўринга қўйиб, аввал ота-онаси, опа-сингилларини розилигини олиб яшаётган бундай инсонлардан Аллоҳ таоло рози бўлсин, хонадонларига файзу баракасини ёғдирсин деймиз.
Нилуфар БЕРДИЕВА
Хожа Бухорий ислом таълим муасасаси
