ОТА-ОНАГА ҚЎЛ КЎТАРМОҚ ДИНСИЗЛИК АЛОМАТИДИР
33

Ҳикматлар хазинаси китобида бир ҳикояни ўқиб, жудаям таъсирландим ва айни замонамизда мана шундай хунук ҳолатлар китобларга ҳикоя тарзида киритилиши ва жамиятимизнинг баъзи бир “оилалари учун” кўзгу сифатида ёритилишига яна бир бор амин бўлдим.
Ҳикоя шундай:
Бир дўстим айтиб берган эди. У эса бошқа бир хожа афандидан эшитган экан. Ул хожа қайсидир қишлоқдан ўтиб кетаётиб йиғлаб ўтирган кекса одамни кўрибди ва ундан сўрабди:
- Бобо, нега йиғлаяпсиз? Бирор дардингиз борми?
- Мана, 80 йилдирки, -жавоб берибди қария, — дунё машаққатлари ва ташвишларини тортаман. Болаларимни минг бир азоб ўстирдим. Қизим бор эди, хайрсиз чиқди. Ўғлимни аскардан келганидан сўнг уйлантирдим. Келиним қўлидан бир пиёла чой ичмадим. Келин: “Чол, мен сенинг ажин босган, хунук нусхангни кўргани бу ерга келган эмасман”, деб менга озор беради. “Ўғлингни гапирасан. Ўғлинг ажойиб. Дунё бир ёнда, эрим бир ёнда. Агар у бир луқма овқат берса ейсан, бермаса рўза тутасан, эй сен, чол”, деб таъна қилади. Мен ҳайвон эмасман-ку! – деб чол яна йиғлабди, чолнинг икки кўзи икки булоқ бўлибди.
- Бошқа борадиган ерингиз йўқми? – сўрабди хожа.
- Қаерга ҳам бораман, бошқа бошпанам йўқ. Кеча ўғлимдан пул сўрадим, икки шапалоқ уриб чақа берди-да, “бу ердан даф бўл, сени кўзим кўрмасин”, деб ҳайдади.
Хожа охири чолдан сўрабди:
- Ўғлингиз намоз ўқийдими?
- Қаёқда! Ҳайит намозига ҳам бормайди, -деб жавоб берибди.
Ушбу ҳикояда баён этилган дард-алам динсиз давраларда кўп учрайдиган бир ҳолдир. Фарзанднинг ота-онани хор қилиши диндор муҳитларда ҳеч учрамайди. Ота-онасини хор қилганлар аксарият диндан бебахра қолган, заволга учраганлар ишидир.
Баъзи одамлар, жаҳолатлари ёки совуққонликлари сабабли, фарзандларига тарбия бермайдилар, динини ўргатмайдилар, натижада авлодлари ё динсиз, ёки жоҳил бўлиб чиқади.
Буларнинг иккиси ҳам (динсизлик ва жоҳиллик) оқибатда лоқайд отанинг бошига жазо, авлод (фарзанд) таёғи бўлади. Бу нақадар хунук ҳолат, Аллоҳ сақласин. Бундай фарзандлар аҳволи мушкулдир.
Ота-онани қаровсиз қолдирган авлодни энг “гўзал” жаҳаннамнинг оловли оташи тарбиялайди. Болаларининг моддий таъминоти, маишати, уларга турли-туман “замонавий” кийимлар кийдириш, қайта сотиш учун люкс машиналар олиб бериш учун кеча-кундуз тинмайдиган оталар, фарзандларнинг диний, маънавий тарбиясига эътибор бермайдиганлар қаторига киришларини била олсайдилар, заррача тушуниб англай олсайдилар…
Ўғлининг овқатини ўйлайдиган ота нега унинг дини учун жой куйдирмайди? Бундай оталарнинг жазоси қандай бўлади? Жавоб бера оласизми? Таёқ! Фарзанд калтаги…
Охиратда эса жаҳаннам оташи, гуркираб ёнган жаҳаннам гулҳани уларнинг жазоси бўлади. Бу нақадар ёмон ҳолат! Болаларига тарбия бермаган, ота – она қадрини англатмаган, Аллоҳ, Пайғамбар кимлигини, дин, имон, ҳаром, ҳалол, савоб-гуноҳ нималигини ўргатмаган отанинг бу дунёда кўрадиган жазоси фарзанд калтагидирю охиратдаги жазоси эса, шиддатли, куйдиргувчи, чорасиз жаҳаннам оташи бўладилар. Бундай хунук ҳолатга тушишдан Роббим паноҳида қилсин ва фарзандларимизни ҳақиқий комил имон соҳиби бўлиб тарбияланишига Ўзи кўмак берсин, омин.
Нилуфар БЕРДИЕВА
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
