Бир ҳадис шарҳи
19

Абу Саъийд Саъд ибн Синон ал –Худрийдан ривоят қилинади: “Албатта ансорлардан бўлган бир гуруҳ кишилар Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан (егулик) сўрадилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларга бердилар, сўнгра яна сўрадилар яна бердилар ҳатто, У зотнинг ҳузурларига ҳеч бир нарса қолмади. Бас, шунда сарвари коинот ўз ҳузурларидаги барча нарсаларни инфоқ қилдиларда: “Мени ҳузуримда нима яхшиликдан бўлса, сизлардан ҳаргиз уни тўсмасман”. Шуни билингларки, ким ўзини иффатини сақласа, Аллоҳ таоло уни иффатли қилади ва ким ўзини бой тутса, Аллоҳ таоло уни бой қилади ва ким сабрли бўлса, Аллоҳ таоло уни сабрли қилиб қўяди. Аллоҳ таоло томонидан бирор бир кишига сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ туҳфа берилмади дедилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Бирор бир нарсага жуда муҳтож бўлиниб қолинса, уни бошқалардан сўраш жоизлиги.
- Сўровчига ўз ҳузуридаги нарсадан бериш лозимлиги.
- Ҳар ким ўз иффатини сақласа, Аллоҳ таоло уни иффатли ва бой қилиб қўйиши.
- Ким сабрли бўлса, Аллоҳ таоло уни сабрли қилиб қўйиши.
- Сабр энг улуғ фазилатли амаллардан эканлиги ва динимизга сабрли бўлишга жуда кўп тарғиб борлиги.
- Аллоҳ таоло томонидан бандага сабрдан кўра яхшироқ ҳадя берилмагани.
Манба: Имом Нававийнинг “Риёзус солиҳийн” китоби, 53-саҳифа, 26-ҳадис
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
