ИСЛОМДА МОЛ-ДУНЁГА МУНОСАБАТ
26

Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади: “Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор”. (Оли Имрон сураси, 14-оят)
Инсонга берилган мол-дунё бир восита холос, нимага восита бўлса, шунинг ҳукмини олади. Агар у саодатга, савобли ишларга восита бўлса, қийматлидир. Агар мол-дунё гуноҳ, ҳаром ишларга етаклаб борса, энг ҳақир, паст нарса бўлади ҳамда ундай мол ва унинг эгаси маломат қилинади. Бу борада Расулимиз шундай марҳамат қиладилар: “Дунёга берилмаслик қалб ва вужуд хотиржамлигини беради, дунёга берилиш ғам ва хафаликни орттиради”. Молга хирс қўйиш, уни тўплашда муккасидан кетиш, жойига сарфлаш ўрнига бахиллик қилиш динимизда қаттиқ қораланади.
Бойлик, обрў-мартаба ёки фахр кибрланиш асоси эмас. Абу Лайс Самарқандий: “Фазилат аҳлини ҳаддидан оширмай ҳурмат қилиш мустаҳабдир” деганлар. Демак, жамият тараққиёти учун ўз бойлигидан сарф қилаётган олий ҳиммат эгаларини ҳурматини жойига қўйиш яхши иш экан. Ўрнига сарфланмайдиган мол-дунё инсонларни охират тайёргарлигидан чалғитиб, шайтон васвасасига дучор қилади. Оға-инилар ўртасидаги муҳаббатни кўтаради, ҳатто уларни душманларга айлантиради.
Туғилганимизда дунё яланғоч танамизни сув билан ювиб, бир парча матога ўраб қабул қилади. Дунё билан хайрлашганимизда ҳам яланғоч танамизни сувда ювиб, бир парча матога ўраб кузатади. Демак, шу оралиғдаги нарсалар ўткинчи эканлигини англаш лозим. Инсонни дунёга келиши ва ундан кетишига бир парча мато кифоя қилар экан, дунё талашиб умрни ўтказишга не ҳожат? Аллоҳ таоло берган мол-дунёни жойига сарфлаш, инфоқ эҳсон қилиш ва садақаларни кўпайтириш, молга бахл бўлмаслик муминлик белгисидир. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деган: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”. (Фурқон сураси 67-оят). Киши молни сарф қилишда аввало ўзига, кейин оиласига, кейин ота-онасига кейин яқин қариндошларига ундан ҳам ортиб қолса, муҳтожларга сарф қилишга тарғиб қилинади.
Мол-мулк кишини қалбидан ўрин олмаса кишига таянч бўлади, агар қалбидан ўрин олса аянч бўлади. Дунёга муккасидан кетганлар уни тўплаш илинжида энг разил ишларга қўл урадилар ҳатто жонларини фидо қилишгача борадилар. Дунё уловга ўхшайди, унга узоқроқ туриб жилосига маҳлиё бўлиш ё тафтидан баҳраманд бўлиш мумкин, аммо ичига батамом кирмоқчи бўлсангиз, ҳалокатингизни кутаверинг.
Динимизда ҳалолдан топилган бойлик ва унинг соҳиблари қораланмайди. Зеро, ҳалол бойлик охиратни топиш, катта савоблар ажр мукофотларга эришиш воситаси деб қаралади. Бунинг ортидан инсон саховат, ҳиммат, инфоқ, эҳсон силаи-раҳм, олийжаноблик каби фазилатларга эришади. Аллоҳ таоло инсондан фаришта бўлишни талаб қилмаган, балки ҳақиқий инсон бўлиб яшашни хоҳлаган. Шунинг учун, мен мол дунёга ҳожатим йўқ, дия ундан ўзини қайтариш, ато этилган неъматлардан юз ўгириш зоҳидлик белгиси эмас, аксинча, Аллоҳнинг неъматларига ҳурматсизлик, манманлик ва риё кўринишидир.
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
