Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Инсонлар зулм қилаётган кишини кўрсаю, золимнинг қўлидан тутиб, зулмидан тўхтатмаса, Аллоҳ уларни ёппасига Ўз азоби билан жазолаши яқиндир», деганлар.

Аллоҳ таоло зулмни ўзига ҳаром қилганидек, бандаларига ҳам ҳаром қилди. Бугунги кунда фирибгарлик, интернет сайтлари орқали ўзгани мулкини талон тарож қилиш каби зулмлар кўпайиб кетмоқда. Мўмин киши доим зулмга қарши туриши лозим. Ҳар доим ҳам зулмга қўлимиз билан барҳам бера олмаймиз. Шунда динимиз биздан талаб қилган нарса қалбимиз ила зулмни ёмон кўришимиздир.

Расулуллоҳ даврларида ҳам У зот ва саҳобаларига жуда кўп зулмлар бўлгани инсоният тарихида энг қайғули кунлардан ҳисобланади. Айниқса ҳимоясиз қул ва чўрилар бу зулмларнинг энг кўп жабрини тортган ўша даврлар тузумининг қурбони ўлароқ ёдда қолган. Лекин, ислом уларни азиз ва мукаррам айлади. Қиёматда ҳам золимлар бир томонда мазлумлар бир томонда бўлган пайтда ҳам Аллоҳ уларни Ўз марҳамати ила шарафлантиражак.

Аллоҳ таоло мазлумга яна бир буюк неъматни берди. Мазлумнинг дуосини Роб таоло ҳеч қандай тўсиқларсиз ижобат этиши, Аллоҳнинг ўзи уларга мададкор эканидан дарак беражак. Аллоҳ барчамизни мазлумларга ёрдам берадиган бандаларидан қилсин.

 Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси