БОМДОД НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ

99

Фарз намозларининг аввали бўлмиш бомдод намози жуда қисқа бўлишига қарамай, мўмин учун ҳақиқий имтиҳондир. Банда ширин уйқусидан уйғониб Роббисига юзланиши эса Аллоҳ таолога энг маҳбуб амалларда ҳисобланади.
Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Икки ракат бомдод намозининг суннати дунё ва унинг ичидаги барча нарсалардан яхшироқдир.”
Бу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, биргина суннат намози шунчалар фазилатли экан фарз намозига бериладиган ажр мукофотларимизни Аллоҳнинг ўзи яхшироқ билгувчи.
Саҳобалар ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, улар барча маслаҳатларни бомдод намозидан кейин муҳокама қилишганини, жамоатга чиқмаганлар эса барча хайрлардан мосиво бўлишганини билиб оламиз. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам барча қўшин ва сарияларни бомдод намозидан кейин жўнатар эдилар. Лут ва Самуд қавмларига ҳам айнан бомдод намозидан кейин бало юборилгани эса инсонни ҳушёрликка чақиради. Ҳатто Исо алайҳиссалом ҳам ер юзига айни шу вақтда тушиб, бомдод намозини жамоат билан ўқишликка тайёрланаётган бир гуруҳ мусулмонлар ортидан намоз ўқийдилар. Демак у вақтда бомдодни жамоат билан оқимаган биродарларимиз шунча эзгу ишлардан ғафлатда қолар эканлар. Шундай экан бомдод намози, ҳамда бошқа намозларни ҳам жамоат билан масжидда ўқишликка шошилайлик мукофоти эса улуғ Роббимиз даргоҳида ҳозирлаб қўйилгандир.
Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси