ДОВУД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ

241

Бани Исроил қавмига жуда кўплаб пайғамбарлар юборилган бўлиб, шулардан бири Довуд алайҳиссаломдир. Довуд алайҳиссаломга “Забур” номли китоб туширилган. Унда мавъизалар, ибратлар, кўнгилни юмшатадиган ва зикр қилинадиган нарсалар бўлган. Довуд алайҳиссалом Қуръони Каримда ўн олти марта зикр қилинган. У зот ҳақларида Бақара, Нисо, Моида, Анъом, Исро, Анбиё, Намл, Саба ва Сод сураларида ояти карималар бор.  Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолодан илтижо қилиб, ҳар вақт тўрт нарсадан паноҳ тилар эканлар.

“Эй оламларнинг Роббиси, мени фитна-фасод келтирадиган мол-дунёдан, азоб-уқубатга сабабчи қиладиган фарзанддан, қарилик келмасдан олдин қаритадиган ёмон хотиндан ва кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитиб, яхшилигингни ерга кўмадиган, ёмонлигингни ошкор қиладиган қўшнидан паноҳ сўрайман”.

Ҳалол касб ёки меҳнат қилиб унинг ортидан кун кўриш барча пайғамбарларнинг суннатидир. Росулуллоҳ алайҳиссалом: “Қорнини ҳаром ва шубҳали нарсаларни ейишдан ва ичишдан сақлаш мўминлик аломатидир”, деганлар. Аксинча, турли нопок, шубҳали  йўллар билан топилган мол-дунё кишининг бошига ҳар турли бало-офатларни келишига сабаб бўлади. Бугунлик кунда анашундай нопок йўллар билан бойлик орттириш илинжида бўлганларни қонун олдида жавоб бераётганини, баъзилари эса умрининг гўзал онларини панжара ортида ўтказишини кўриб турибмиз.

Бу турдаги инсонларнинг айримлари бу дунёда қутилиб қолишлари мумкин, бироқ охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурида албатта қилган ишларидан жавоб беришлари муқаррардир. Шунинг учун инсон шубҳали турли нопок йўллар билан мол орттиришдан сақланиши билан бир қаторда, шундай йўлларга кириб қолишдан паноҳ ҳам сўраш керак экан.

Фарзанд яхши бўлса, ота-онасига итоаткор, элнинг корига ярайдиган ва ҳар кимнинг яхши дуосини оладиган қобил инсон бўлса, ота-онасига бу дунё ҳурмат, охиратда эса тож кийгизадиган бўлади.  Бунинг акси бўлса, меҳнату машаққатлар билан боқиб, не орзу-умидлар билан тарбия қилган ота-онаси бошига жабру жафолар солади. Шунинг учун ота-оналар ҳар доим фарзандини тарбиясига эътиборли бўлишлари билан бир қаторда, тўғри йўл, бахт-саодат тилаб дуо ҳам қилишлари керак экан. Чунки, ота-оналарнинг фарзандлари ҳаққига қилган дуолари тўхтовсиз ижобат бўлади.

Эр киши учун ҳаётда энг муҳим нарсалардан бири солиҳа жуфти ҳалолдир. Аёл иффатли, эрига итоаткор, борини ошириб, йўғини яширадиган бўлса бу эркак кишининг бахтидур. Чунки, солиҳа аёл эр киши учун Аллоҳ таоло томонидан берилган ярим давлатдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: “Дунё ўзи бир матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. Муслим ривояти. Аёл киши доимо ҳаёли, иболи, оғир-босиқ бўлиши, арзимаган нарсалар учун тортишмаслиги, ўртадаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ ақдини бузилишига сабабчи бўлиб қолмаслиги керак.

Ислом динида қўшничилик ҳақлари энг буюк ҳақлардан ҳисобланади. Қўшнини ҳурмат қилиб, ҳақига дуо қилиш, касал бўлса ҳолидан хабар олиш, зориқса ёрдам бериб хато ва камчиликларини яшириб, яхши фазилатларидан гапириш, вафот этса мусибатига ҳамдард бўлиш анашулар жумласидандир. Қўшни яхши бўлса, инсоннинг бахтли кунида унга шерик, ёмон кунида эса ҳамдард бўлади. Шунинг учун халқимизда “Ҳовли олма қўшни ол” деган ҳикматли сўзи бежиз айтилмаган.

Қўшни ҳам доимий муомала қилиб туриладиган шахслардан. Ёмон қўшни ҳам одамнинг умуртқасини синдирадиган кимсалардан бири. Хусусан, у қилган яхшилигингни яшириб, ёмонлигингни ошкор қиладиган бўлса, жуда ноқулай. Маҳалла-кўйда, одамлар орасида тинмай сени ёмонлаб турса, сени одамгарчиликдан чиқариб қўйиши турган гап. Қўшнининг яхшилигини яшириб, ёмонлигини ошкор қилиш ҳам ёмон қўшничилик экан. Шундай экан, қўшнилар билан яхши алоқада бўлишга ҳаракат қилиш керак.

 

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси